«ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – КЕКСАЛАР НИГОҲИДА»

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 5-танловда «Ёшлар тарбияси – кексалар нигоҳида» мавзусидаги лойиҳаси билан иштирок этиб, 25 миллион сўм грант маблағини қўлга киритган эди.

Шу кунларда бўлинма томонидан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмалари, туман маданият, халқ таълими бўлимлари каби бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан лойиҳа доирасида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг дастлабкиси 27 февраль куни 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида бўлди. Уни кириш сўзи билан очган лойиҳа раҳбари, «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида сўзлади. «Кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш кўп асрлик анъанадир» мавзусида фаол фахрийлар иштирокида ёшлар билан ўтказилган ушбу учрашувда «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийси Турсунпўлат Мирзамаҳмудов, фаол тарғиботчи Ўринбой Мўминов, Навоий МФЙ раиси Дилбархон Умрзоқова, 26-мактаб директори Каримжон Болтабоев «Ўз болангни ўзинг асра!», «Нуронийларнинг ўзи ибрат, сўзи ибрат», «Кексали уй – фариштали уй»,  «Оила – мактаб – маҳалла ҳамкорлиги» мавзуларида мулоҳазалар билдиришди, ҳаётий ва жонли мисоллар билан тадбир мазмунини бойитишди.

Учрашув якунида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Исматилла Раҳматиллаев ва иқтидорли ўқувчилардан бир гуруҳига эсдалик совғалари топширилди.