ҒАРАЗ МАҚСАД ЯШИРИН

Миссионерлик сўзи лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса «вазифани бажарувчи» деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

Ҳозирги кунда миссионерлик сертармоқ соҳа ҳисобланади. Бугун миссионерлар кириб бормаган жабҳа, улар фаолият юритмаётган мамлакатнинг дунёда топилиши қийин. Миссионерлар алоҳида эътибор қаратаётган жиҳатлар қаторида таълим, соғлиқни сақлаш ва бепул ижтимоий ёрдам тизимини кўрсатиш мумкин.

Замонавий миссионерлар дунё бўйича демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари устувор аҳамият касб этиб бораётганидан ҳам ўз мақсадлари йўлида усталик билан фойдаланмоқдалар. Чунончи, уларнинг фаолияти қайси давлатда тақиқланса, халқаро ҳужжатлар бузилаётгани, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида жар солишади. Бундай ҳолларда улар айрим халқаро ҳужжатларда қайд этилган қоидаларни рўкач қиладилар. Хусусан, кўпинча «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси» ва «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт»ларда келтирилган, ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ушбу ҳуқуқ ўз динини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ҳамда таълимотда, тоат-ибодат қилишда, диний расм-русум ва маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ва эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олиши, ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олиши ҳақидаги бандларни келтиришади. Лекин, миссионерлар ушбу қонунларни рўкач қилишлари унчалик ҳам асосли эмас. Тўғри, юқоридаги икки ҳужжатда келтирилган бандлар мавжуд. Бироқ, ушбу модданинг кейинги бандларига назар ташланса, худди бизнинг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунимиздаги ҳолат келиб чиқади. Яъни, аввал виждон эркинлиги дахлсизлиги эътироф этилиб, сўнгра бу нарса чекланиши мумкин бўлган баъзи ҳолатлар келтириб ўтилган.

Сардорбек ТОҲИРОВ,

35-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.