Аёл мадҳи
Мунис, мўътабар, гўзал, буюк, суюк аёл!
Тангрим Сизни яратганда, шундай бўлишингизни қилганмикан хаёл?!
Тилда Сизнинг шаънингизга айтилмаган ширин калом қолмади,
Бироқ ҳали ҳеч ким Сизни тўла-тўкис таърифлай олмади.
Рост-да! Сизнинг оналигингиз ўзи бир жаҳон,
Ҳам вафодор ёрсиз – дилбари жонон.
Юриш тақиқланган йўлни Расули Акрам
Сингил томон очиқ, деб қилмишлар карам.
Инсон учун дунёда шириндир фарзанд,
Фарзанд агар қиз бўлса, юракка пайванд.
Қай бир жиҳатингизни ўйлай?!
Қай бир сифатингизни сўйлай?!
Ўйлашга ақл ҳайрон,
Сўйлашга лолдир забон.
Қай куни бандага тил ато бўлди,
У Сизни сўзлади, яйради, кулди.
Қай куни ёзувни кашф этди инсон,
Шундан бери Сизга шеър битар ҳамон.
Нечун шундай? Мен билолмадим,
Буни айта олмас дунёда ҳеч ким.
Чап қовурға эмиш Сизнинг «лой»ингиз,
Шунинг учун юракдир Сизнинг жойингиз.
Ҳар жабҳада лойиқсиз ким ўзарликка,
Сизни қиёс этадилар бор гўзалликка:
Қалбингизни осмонга,
Меҳрингизни уммонга,
Юзингизни лола, гулга,
Сочингизни сунбулга,
Кўзингизни юлдузга,
Қаддингизни сарвга,
Тишингизни дурга,
Қошингизни мушкка,
Лабингизни ғунчага…
Ўйлай-ўйлай толаман,
Аксинча деб топаман:
Осмон кенглигини қалбингиздан,
Уммон жўшқинлигини меҳрингиздан,
Гул тароватини юзингиздан,
Юлдуз чақноқлигини кўзингиздан,
Сумбул майинлигини сочингиздан,
Сарв гўзаллигини қаддингиздан,
Дур ёрқинлигини тишингиздан,
Мушк қоралигини қошингиздан,
Ғунча нафислигини лабингиздан…
Олганлигига иккиланмай берурман тан.
Шоиру носирлар шундай деб ёзсалар, фақат
Қарор топажакдир айни ҳақиқат!
Санаб бўлмас Сиздаги фазилатлар сонини,
Тубига етиб бўлмас ҳам хислатлар конини:
Бешикда дунёни тебратасиз,
Жимсиз, камтарсиз!
Оила, фарзанд учун ўтга кирасиз,
Жимсиз, фидойисиз!
Ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дуч келасиз,
Жимсиз, сабрлисиз!
Баъзан Сизни хўрлайдилар, азоблайдилар,
Жимсиз, матонатлисиз!
Сизга хиёнат қиладилар, алдайдилар,
Жимсиз, садоқатлисиз!
Баъзан мазах этиб, устингиздан куладилар,
Жимсиз, парво қилмайсиз, мағрурсиз!
Бу сифатлар қай мавжудотда бор?
Ҳеч қайсида! Фақатгина Сизда бисёр!
Шунинг учун жаннатини қодир Эгам
Пойингизга раво кўрмиш – Сиз мукаррам!
Сизга эъзоз, Сизга таъзим, садақадир Сизга жон,
Сиз бўлсангиз дунё жаннат, ҳаёт эрур гулистон.
Сиз борсизки, ечилади диллардаги бор савол,
Онамсиз, ёримсиз, синглимсиз, нури дийдамсиз,
МУҚАДДАС АЁЛ!
Ўринбой МЎМИНОВ.

