АҚЛНИ ТИНИҚЛАШТИРУВЧИ КУЧ
Китобга болаликдан ошно бўлганман. Қачон унга меҳр қўйганман, нима туртки бўлган, буни аниқ эслолмайман. Аммо эсимни танибманки, китоб менга ҳамроҳ.
Китобга дўст тутиниш учун баландпарвоз чўққиларни орзу қилиш, юксак натижаларни кўзлаш шарт эмас. Шунчаки китобга ҳақиқий дўст, устоз сифатида самимий муносабатда бўлиш керак. Чунки китоб сизни яшашга, ҳаётда ўз ўрнингизни топишга, маънавий баркамол инсон сифатида ўзингизни англай олишингизга кўмаклашади. Китоб оддийгина кишилар ўртасидаги самимий мулоқотни шакллантиради, мавжуд вазиятга баҳо беришни ўргатади, муаммоларнинг энг тўғри ечимини топишга кўмаклашади.
Хонадонимда ташкил этган шахсий кутубхонам – энг севимли масканим. Қувончу шодликларимни баҳам кўришда, бўш вақтимга мазмун киритишда кутубхонам энг яқин кўмакчи. Мен бир педагог сифатида ёшларга ҳам, энг аввало, китоб билан ошно бўлишга ундайман. Фаолиятимнинг асосий қисмида ҳам болаларнинг китобга бўлган қизиқишларини шакллантиришга қаратаман. Чунки китоб кирмайдиган хонадонда улғайган бола ҳаётда кўп нарсани бой беради, энг ёмони, нимани бой берганини англаб етмайди, бунга идроки етишмайди. Ёшларимизни мана шундай маънавий қашшоқликдан асраш учун ҳам биз, катталар доимо ҳаракат қилишимиз даркор.
Гўзал КАИПОВА,
6-мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

