АҲЛИ ЗЕБОЛАРГА ЭҲТИРОМ
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан кеча «Мустақиллик боғи»даги «Боғи эрам» тантаналар мажмуасида тадбир бўлиб ўтди.
Унда туманимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётида фаоллик кўрсатаётган хотин-қизлар, меҳнат фахрийларининг вакиллари қатнашдилар.
Тантанада туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев сўзга чиқиб, барчани бахт ва баҳор байрами билан самимий муборакбод этдилар. Бир гуруҳ нуронийларга вилоят ҳокимининг байрам табрикномаси, нафақага чиққан фахрийларга туман ҳокимининг “Ташаккурнома”си, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан пенсия гувоҳномалари ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали тарзда топширилди.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ҳамда 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан байрам концерт дастури намойиш қилинди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Нафисахон Мамасолиева иштирок этди.

