МЎЪЖИЗАЛАР ИЧРА МЎЪЖИЗА

Китоб мутолаасини кучайтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган ишлар ўз вақтида, ўз ўрнида қилинаётган эзгу ишларнинг энг қадрлиси, энг кераклисидир. Китобнинг ғоят  буюк куч экани барчамизга маълум.

Инсоният ўз маданий тараққиёти йўлида кўплаб кашфиётларга қўл урди, мўъжизалар яратди. Ана шу мўъжизаларнинг энг эътиборлиси, яна  ҳам тўғрироғи, мўъжизаларнинг мўъжизаси бу китобдир. Фақат китоб ёрдамида биз бир пайтнинг ўзида ҳам бугуннинг, ҳам ўтмишнинг нафасини сезамиз. Қачонлардир яшаб ўтган мутафаккир боболаримизнинг бурро овозини аниқ-тиниқ эшитамиз, сабоқларини тинглаб, тажрибаларидан кўмак кутамиз.

«Яхши китоблар тинимсиз мева бериб, асрлар давомида инсониятга наф етказиб туради», -дейишади. Навоий асарларини севиб ўқигач, уларнинг сеҳрига мафтун бўлиб сўз санъаткорига бағишлаб қанчадан-қанча китоблар: достонлар, шеърлар, романлар, қиссалар битилди. Навоий даври нафақат ўзбек халқи тарихида, балки туркий халқлар, қолаверса, дунё тарихида бутун бир даврни ташкил этади. Бу бизнинг бахтимиз.

Вақт машинаси ҳақидаги орзулар доимо инсониятнинг диққат марказида бўлган. Энг лаёқатли, энг ишончли вақт машинаси китоб эканини эса ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Милоддан аввалги даврларга саёҳат қилмоқчисиз – Миркарим Осим асарларига юзланинг, X-XI асрларгами – Одил Ёқубов, XV асрми – Пиримқул Қодиров, Ойбек, иккинчи жаҳон уруши, афғон уруши даҳшатларини ҳис қилмоқчимиз, Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» романларига мурожаат қилинг. Айтмоқчи бўлганим, китоб биз билан ўтмиш, келажак орасига қурилган маҳобатли кўприкдир. Шу кўприк ёрдамида исталган куни, исталган онда жаҳоннинг энг оқил, энг донишманд кишилари билан мулоқотда бўлиш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш, панд-насиҳатларини тинглаш кимга ҳам ёқмайди, дейсиз.

Буюк мутафаккирлар билан ўтган ҳар бир мулоқотимиз туфайли биз онадан қайта туғилгандай, руҳимиз енгиллашгандай ўзимизни тетик, бардам, энг асосийси, ақлли, билимдон бўлиб қолгандай ҳис этамиз. Барча яхши китобларни бирлаштирувчи бир томони бор: улар китобхонга нима тўғри, нима нотўғри: нима хунук, нима гўзал, энг фойдали нарса нима экани ҳақида беминнат ёрдам беради.

«Китобсиз уй – жонсиз танадай гап», -деган эди Цицерон. Умримизнинг энг гўзал онларини ўзимизга сездирмай ямлаб ютаётган маза-матрасиз, олди-қочди сериаллар ўрнини китоблар эгалласа, оиламизда китобхонлик муҳитини яратсак, учрашганимизда танишларимиздан «Қайси сериалларни (!!!) кўряпсиз?» -дейиш ўрнига: «Қайси китобларни ўқияпсиз?» -деб сўрасак, келажагимиз пойдевори мустаҳкам бўлармиди? Фарзандларимиз интилувчан, салоҳиятли бўлиб бизга ҳам, жамиятга ҳам фойдаси кўпроқ тегармиди…

Шавкатжон УБАЙДУЛЛАЕВ,

3-мактаб ўқитувчиси,

Зарифа АСРАБОЕВА,

12-мактаб ёшлар етакчиси.