ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ ТАЛАБЛАРИ – ИЖРОДА

Республикамизда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифатига, уларнинг бозор иқтисодиёти шароитида рақобатбардошлигига талаблар ошиб бормоқда. Бу эса маҳсулот сифатини оширишни талаб қилмоқда. Яъни, қисқача қилиб айтадиган бўлсак, маҳсулот сифати ва хавфсизлиги баҳоланиши зарур. Ушбу йўналишларни тартибга солиш юзасидан Республикамизда бир қатор қонунлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинган. 2009 йил 23 апрелда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни шулар жумласидан.

Қонуннинг мақсади маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилаш, қўллаш ва бажариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ваколатли идоралар, вазирликлар, давлат хўжалик бошқарув органлари қонунда белгилаб қўйилган умумий ва махсус техник  регламентларни ишлаб чиқиш ваколатига эга бўлиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда 30 дан ортиқ умумий техник, 8 дан ортиқ махсус техник регламентлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Жумладан, 2017 йил 27 мартда  МТР 8  “Новвойчилик ва  макарон  маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисидаги махсус техник регламенти” қабул қилиниб, 2018 йил 1 сентябрдан кучга кириши белгиланди. Ушбу техник регламент кучга киргандан сўнг нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган давлатлараро ва Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлари ихтиёрийликни касб этади.

Техник регламентда маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашёларга, маҳсулотга гигиеник талаблар, маҳсулот ишлаб чиқаришда, сақлашда, ташишда, сотишда ва талабларга жавоб бермаган маҳсулотларни йўқ қилиш тартиблари белгиланган. Нон  ва  макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фақат Ўзбекистон Республикасида рухсат этилган хом ашёлардан фойдаланиш мумкинлиги, улардаги заҳарли элементлар, пестицид, микотоксинлар, радионуклид ва  дон зараркунандалари билан зарарланганлиги техник  регламентда белгиланган меъёрлардан ошиқ бўлмаслиги, маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тайёрловчилар томонидан ёнғин хавфсизлиги, санитар-эпидемиологик ва  экологик  хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ишлаб чиқарилиши белгиланди.

Ўйлаймизки, ушбу техник регламент талабларидан келиб чиққан ҳолда барчамиз иш юритсак, ўз ҳаётимиз ва соғлиғимиз, ўз мулкимиз ва давлат мулки хавфсизлигини таъминлаган бўламиз.

Р.МАДЖИХАНОВ,

вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси, метрологик назорат ва ўлчовларнинг ягоналиги таъминланишини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси.