«ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН ЎҚУВЧИ»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат гранти асосида «Уйчинома» газетаси таҳририяти томонидан «Китобсиз келажак йўқ!» лойиҳаси доирасида тумандаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган навбатдаги танлов «Энг яхши китобхон ўқувчи» деб номланди.

Уйчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўтказилган мазкур танловда  Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежидан Малоҳат Неъматиллаева, Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежидан Нафосат Усмонжонова, Уйчи спорт коллежидан Маҳлиё Тошматова, Уйчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежидан Мухтасар Садриддинова, Ғайрат педагогика коллежидан Моҳира Ҳожимирзаева, Уйчи  иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидан Ойдина Каримжонова, Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежидан Қизлархон Маҳмуджонова, Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежидан Машҳура Аҳмаджоновалар ўзаро баҳслашдилар.

Танловдан ўрин олган таништирув, баҳри байт, тақдим этилган матннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, адабиёт, ижтимоий-сиёсий билимлар бўйича савол-жавоб каби шартларда ўқувчиларнинг қай даражада билимга эгалиги, китобхонлиги аниқланди.

Энг кўп балл жамғарган Уйчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мухтасар Садриддинова ғолибликни қўлга киритиб, 170 минг сўмлик китоблар жамланмаси ва диплом билан тақдирланди. 2-ўринга Машҳура Аҳмаджонова муносиб топилди ва унга 130 минг сўмлик китоблар жамланмаси совға қилинди. Моҳира Ҳожимирзаева эса 3-ўринни эгаллаб, 100 минг сўмлик китоблар жамланмасига сазовор бўлди. Қолган иштирокчиларга ва фаол китобхон ёшларга ҳам китоб туҳфа қилинди.

Ғолибларни фахрий журналист Абдубанно Холмонов, «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусова, лойиҳа раҳбари Муҳаммадали Қамбаровлар қутлаб, диплом ҳамда совғаларни топширдилар.

Туман маданият бўлими хонандаси Султонали Ўрозов ижросидаги қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.

Назокат АБДУЛЛАЕВА,

22-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.