5555-ТАШРИФ
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ,
«Уйчинома» газетаси муҳаррири,
туман Кенгаши депутати:
-2017 йил «Уйчинома» газетаси ҳамда жамоамиз учун қутлуғ ва бахтли келди. Жамоамизнинг бир неча йиллик орзуси ушалди – таҳририят ўз биносига эга бўлди. Айни шу йили таҳририятимиз вилоят ижодкорларининг «Эҳтиром» танловида «Йилнинг энг яхши таҳририяти» деб эълон қилиниб, Наманган вилоят ҳокимлигининг дипломини қўлга киритди. «Уйчинома»нинг www.uychinoma.uz веб-сайти очилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 3-танловда «Уйчинома» газетаси таҳририятининг «Китобсиз келажак йўқ!» номли лойиҳаси ғолиб деб топилиб, 24 500 000 сўм давлат гранти ажратилди.
Муассиснинг ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб «Уйчинома» беш мингдан ортиқ хонадонга кириб бормоқда. Февраль ойидан таҳририят қошида компьютер маркази иш бошлади.
20 март куни ўзининг саксон учинчи баҳорини қаршилаётган «Уйчинома» газетасининг 5555-сони нашрдан чиқиши арафасида яна бир қутлуғ қадам қўйилди – туман ҳокимининг қарори асосида таҳририят қошида «Уйчи матбуот уйи» қурилиши бошланди. Кўзланган мақсад ягона – туманда нафақат газета, балки босмахона, радио, телевидение ташкил этиш. Бу даргоҳни чинакам маънавият ва маърифат масканига айлантириш.
Эътироф этмоқ жоизки, ижод аҳлига бугунгидек эътибор яқин йилларда кўрсатилмаган эди. Юксак эътибор ва ғамхўрлик учун муассис – Уйчи туман ҳокимлигига, туман ҳокими, туман маънавият ва маърифат кенгаши раиси Абдуғани Турдиевга туманимиз қалам аҳли номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Газета – туман кўзгуси. Кўзгу қанча тиниқ ва нурафшон бўлса, туманимиз равнақига, Ватанимиз тараққиётига шунча кўп ҳисса қўшилади. Бу шарафли ишни бажаришда барча ижодкорлар ғайрат-шижоатимизни аямаймиз.
«Уйчинома»нинг қутлуғ одимларини кўриш, 85, 100 йиллик юбилейларини қўшалоқ шодиёналар билан нишонлаш сиз, азиз муштарийларга ҳам насиб этсин.

