КЕКСА-Ю ЁШ ЯЙРАДИ

Туманимиздаги барча маҳаллаларда Наврўзи олам шодиёналари қалбларга қувонч, кўтаринки кайфият бағишлади.

Иттифоқ маҳалласидаги ўнта кўча вакиллари томонидан тайёрланган сумалак, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни акс эттирувчи кўргазмалар, бадиий чиқишлар барчанинг эътиборини тортди.

-Бештом кўчасида яшовчи қирғиз миллатига мансуб фуқароларимизнинг иштироклари, ай-ниқса, мақтовга лойиқ, -дейди «Дўстлик» ордени соҳибаси Раҳимахон Омонова. -Ибратли қайноналар Лолахон Валиева, Мавлуда Раҳимова, Дилором Қодирова, кўча фаолларидан Раҳима Қодирова, Маҳфуза Умматалиева, Дилфуза Эшматова, Дилором Қодироваларнинг жонбозлиги туфайли бу йил байрам шукуҳи ўзгача бўлди. 28-мактаб ўқувчилари ҳамда 27-МТМ жажжиларининг бадиий дастурлари ҳамманинг эътиборини тортди.

-Ғайрат маҳалласидаги байрам тадбири ҳам кўтаринки руҳда ўтди, -дейди Ғайрат маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори Муқаддас Жамолиддинова. -Марказимиз хонандалари ҳамда ёш истеъдод эгаларининг чиқишлари барчага хушнудлик бағишлади. Нуронийлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар.

Соку, Гулзор, Умид, Хизиробод, Зиёкор, Бояғон, Олмурут, Навоий маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган Наврўз сайллари барчанинг ёдида қолди.

Зуҳрахон СОТИБОЛДИЕВА,

22-мактаб ўқитувчиси.