СЕНИ ИНТИҚ КУТАРЛАР, КЎКЛАМ!

Инсон табиати турфа. Кимдир ёзни, кимдир кузни, яна кимдир қишни ёқтиради. Бироқ, ҳеч эътибор берганмисиз, ҳамма баҳорни интиқ бўлиб кутади. Бунда алоҳида маъжозий маъно-мазмун яширинган. Буям инсон табиатнинг ажралмас бир бўлаги эканидан нишона.

Ҳар йили ўлкамизга баҳор келиши билан жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жўнаштириб юборилади. Жорий йил бир оз ўзгача йўл тутдик. Яъни ҳудудларда ёппасига «кўтарилиш»ни қиш фасли поёнига етмаёқ бошладик. Бу билан энди биз ҳамжиҳатлик, якдилликдаги меҳнатимиз билан кўкламни қаршилашга, кутиб олишга ишора бердик.

Ҳашар халқимиз феъл-атворига хос хусусият. Жойларда ҳашар йўли билан амалга оширилган 

ишлар салмоғи шу қадар юқори бўлдики, фақатгина бу ерларга бориб кузатиш, керак бўлса, енг шимариб, баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиш билангина тасаввур этиш мумкин, холос. Ҳудудларда ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадондан кекса-ю ёш чор атрофни обод этиш йўлида улушини қўшди. Гузарлар, кўчалар, уйлар тартибга келтирилди, ариқ-зовурлар тозаланди, дарахтларга шакл берилди, оқланди, турли хил мева ва 

манзарали дарахт, гул кўчатлари ўтқазилди. Барча бирдек Наврўз айёмини кўтаринкиликда қарши олишга ошиқди.

Туманимизда Наврўз тантаналари 18 март куни эрта тонгдан бошланди. Байрамона безанган туман маркази ҳамюртларимиз билан гавжум бўлди. Шу куни халқимизга хуш кайфият улашишга бел боғлаган туманимиз ташкилот, корхона ва муассасалари байрам ярмаркасига ўзига хос тантанаворлик олиб киришди. Айниқса, 1, 2-мактабларнинг табиий гуллари, дурадгорлик ускуналари, 6-мактабнинг болалар қўл меҳнати намуналари, 13-мактабнинг сайроқи қушлари, 16-мактабнинг зардўзлик буюмлари, 19-мактабнинг деворий газеталари, 31-мактабнинг амалий санъат намуналари, 43-мактабнинг тўқима кашталари, 45-мактабнинг қирғиз миллий ўтови, 10, 14, 28, 29, 38-мактаблар тарқатган сумалак тадбирга алоҳида кўрк бағишлади.

Туман чорвачилик фермер хўжаликлари, «Садаф парранда файз», «Истиқлол чорва парранда», «Уйчи парранда» фе рмер хўжаликлари халқимиз дастурхонига 27 минг сўмдан мол, 15 минг сўмдан товуқ гўштлари, 400 сўмдан тухум савдосини ташкил этдилар.

Асосий тантаналар туман «Пахтакор» марказий ўйингоҳида авж паллага чиқди. Осмонга кўтарилган саноқсиз варраклар шокилали дум ва қанотларини хилпиратиб кўкда муқом қилади, бир-биридан ким ўзарга ўтиб, тобора ердан олислайди. Гўёки туманимиз кўркини осмондан туриб кузатаётгандай, ҳавас билан боқаётгандай нафис тебранади.

Бир томонда арқон тортиш мусобақаси авжга минган, бир томонда безатилган саҳналар атрофида куй-қўшиқ, ўйин-кулгу. Исломжон полвон Кайимов бошчилигидаги дорбозлар гуруҳи жойлашган майдонни айлана шаклида ўраб олганлар миллий полвонлик, дорбозлик, фокс-иллюзия, йога ва акробатика намуналари акс этган чиқишларни кўриб баҳра олдилар.

Тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, 2, 8, 14, 17, 21, 25, 28, 30, 33, 34-мактабгача таълим муассасалари, туман «Баркамол авлод» болалар маркази, касб-ҳунар коллежларининг кўргазмалари, 1-БЎСМнинг белбоғли кураш, бадиий гимнастикачиларининг чиқишлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллари томонидан миллийлик акс этган анъаналар намойиши эсда қоларли бўлди. Уйчи саноат, транспорт ва алоқа КҲКнинг ўқувчиси Олимжон Ёқубжонов томонидан яратилган уруғ экиш, кўчатларга дори солиш, кўчат экиш мосламаси, мўри тозалаш ускунаси кўпчиликни қизиқтириб қўйди.

-Бу йилги Наврўзда барча бўлимларимиз фаол қатнашишяпти, -дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Лобархон Машрапова. -Ҳар бир бўлим байрам дастурхони кўклам таомлари билан безатилди. Фахрийларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Туман марказий ўйингоҳи ўртасига ўрнатилган саҳнанинг икки ёнидаги ўнта сўридан нуронийлар, фаоллар жой олишган. Туман маданият бўлими санъаткорлари, бадиий ҳаваскорлари, 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан катта байрам дастури туҳфа этилди. Туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сайил қатнашчиларини Наврўзи олам билан табриклаб, самимий тилакларини изҳор қилди. Табрикни ҳамма хурсандчилик билан қарши олди, ўйин-кулги авжга чиқди. Сўз устаси Соҳибжон Мамасолиев ичакузди ҳангомалари билан барчани кулдирди.

Кечга қадар давом этган Наврўз сайли кўкламни соғинган қалбларга қувонч бағишлади.