ВАЛЮТА СИЁСАТИНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ТИЗИМНИ ТАРТИБГА СОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратишга қаратилган.

Мазкур Фармон қабул қилинишига мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги асосий сабаб бўлди. Жумладан, валютани тартибга солишга ҳаддан зиёд маъмурий аралашув, ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва хўжалик юритувчи субъектлари учун алоҳида имтиёз ва преференциялар мавжудлиги оқибатида тадбиркорлик субъектлари ўртасида бизнесни юритишга доир тенг бўлмаган шарт-шароитлар пайдо бўлди ҳамда параллел чет эл валютаси бозори ва айирбошлаш курси вужудга келди.

Мамлакатимизда фақатгина бозор механизмлари асосида фаолият кўрсатадиган валюта бозорини шакллантириш барча банкларнинг мижозлар (юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар) эҳтиёжларини қондириш мақсадида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш учун валюта биржаси савдоларида эркин иштирок этишини, шунингдек, мижозларнинг чет эл валютасини сотиб олиш бўйича амалдаги тартиб ва техник регламентларига риоя этган ҳолда ўз валюта маблағларини ҳеч қандай чекловсиз тасарруф этишини тақозо қилади. Мазкур Фармон билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютаси жорий халқаро валюта операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиниши ва сотилиши кафолатланади. Хусусан, юридик шахслар ўз маблағларини банкларда жорий халқаро валюта операцияларини, шу жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин. Таъкидлаш жоизки, жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни банклардаги ҳисобварақлар орқали амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бозор курсида чет эл валютасини сотиб олиш имкониятининг яратилиши «яширин» иқтисодиётнинг қисқаришига ва пул маблағларини банк айланмасига жалб этишга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур Фармонда:

-хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларидаги чет эл валютасидаги маблағларини қайта баҳолаш натижасида вужудга келадиган молиявий натижа солиққа тортиш базасига киритилмаслигини кўзда тутувчи вақтинчалик тартиб жорий этиш;

-иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда банкларнинг кредитларини реструктуризация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгиланган.

Халқаро валюта фондининг баҳоларига кўра, валюта сиёсатини либераллаштириш ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига қулай шароитлар яратиш мақсадида мазкур Фармон билан чет эл валютасида ажратилган кредитларнинг банкнинг кредит сиёсати ва томонларнинг келишуви асосида миллий ёки чет эл валютасида қайтарилишига рухсат берилди.

Валюта бозорини либераллаштириш жараёнида давлат иқтисодий сиёсатининг мазкур Фармонда белгиланган устувор йўналишларининг тўлиқ ижроси таъминланиши барча ташқи савдо фаолияти қатнашчиларига тенг шароит яратади ҳамда Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг мавқеини кучайтиради, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Исроилжон ОРТИҚОВ,

туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи,

Зуҳриддин ТЎХТАБОЕВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта инспектори лавозимида иш ўрганувчи.