ЖАРИМА СОЛИНИШИГА ОЛИБ КЕЛАДИ

Юртбошимизнинг 2018 йил 2 февраль кунги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган топшириқ ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида инспекциямиз томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашнинг олдини олиш, «Тоза ҳудуд» ДУК фаолиятини янада такомиллаштириш ва шу орқали фуқароларга сифатли хизмат қилишга қаратилган.

Жорий йилнинг ўтган қисқа даври ичида олиб борилган ишларни таҳлил этадиган бўлсак, давлат инспекторлари томонидан таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Ташкил этилаётган тадбирларда аҳолига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солишга қаратилмоқда. Шунингдек, бошқарма давлат инспекторлари мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашнинг олдини олиш, ноқонуний чиқиндихоналарни фош этишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказмоқда. Бироқ, олиб борилаётган тушунтиришларга қарамасдан, ҳали-ҳануз айрим фуқароларимиз томонидан асосан кечки вақтларда кўча юзларига, белгиланмаган жойларга, ариқ, сой ва дарё қирғоқларига маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда.

Бошқарманинг туманимизга бириктирилган давлат инспекторлари томонидан ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллиги, 2018 йилнинг икки ойи давомида  ўтказилган рейд мобайнида жами 23 та ҳолат аниқланиб, 12 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган 11 нафар фуқаро вояга етмаганлиги учун уларнинг ота-оналари ва мутасаддиларига огоҳлантириш хати берилди.

Шу ўринда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фуқароларга яшаш хонадонидаги маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаб кетиш маъмурий жавобгарликка олиб келишини маълум қилади.

Нуриддин ЛУХМОНХОЖАЕВ,

вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманимизга бириктирилган давлат инспектори.