ЗИЁРАТ ҚИЛИШНИНГ ҲАМ ОДОБИ БОР
Ўтганларни хотирлаш, уларнинг қабрларини зиёрат этиш, ҳақларига хайрли дуолар қилиш динимизда ҳам бор.
Қабрларни зиёрат қилишнинг машруъ бўлиш сабаби ҳақида уламолар шундай сўзларни айтишади: «Қабрларни зиёрат қилиш икки нарса учун машруъ бўлган. Бири: инсон ўз оқибати ва интиҳосини эсга олиши учун. Чунки қабрни зиёрат қилувчи инсон ҳам тез орада мана шу гўрда ётган мадфунлардан бирига айланади, мана шу мозористонга қайтиб келади. Бу нарсалар ҳақида тафаккур қилган инсон ўз гуноҳларидан тавба қилади, солиҳ ва хайрли амалларни бажаришда жидду жаҳд кўрсатади. Охиратни доимо эслаб, яқинда қовушажак маконини кўз ўнгидан қочирмайди.
Қабрларни зиёрат қилишдаги иккинчи сабаб эса зиёрат қилувчи киши қабрда ётган биродарига хайрли дуолар қилиши учундир. Зероки, қабрда ётган киши ортиқ ўзи учун солиҳ амал қила олмайди. Дўст ва яқинлари томонидан ўз ҳақига қилинажак хайрли дуолар ҳамда истиғфорларга ниҳоятда муҳтож бўлади. Демак, қабрда ётганлар тирикларнинг дуо-ю истиғфорларига, улар учун қуръон тиловат қилиб, савобларини бағишлашларига муҳтождир. Аммо аҳвол бунинг акси бўлиб, киши индамаслар оламини уларда ётган майитлардан ёрдам сўраш учун зиёрат қилса-чи?!
Қабрларни зиёрат қилишнинг ҳам ўзига яраша шаръий одоблари мавжуд бўлиб, уларга риоя қилмоқ лозимдир. Қабрларни зиёрат қилганда юқорида айтилганидек, ибратланиш, охиратни эслаш ҳамда қабр соҳибларининг ҳақига хайрли дуолар қилиш бош мақсаддир. Қабрларни силаб, юз-кўзга суртиш мумкин эмас. Улардан нажот сўралмайди. Қабрларга шамлар ёқиб, гулчамбарлар қўйиш ёки қандайдир таомлар қўйиш, устида жонлиқ сўйиш бидъат амаллардандир. Шунингдек, қабрлар устига ўтирилмайди. Бу ундаги майитга нисбатан ҳурматсизликдир. Қабристон ёки бошқа ерда қуръон тиловати қилиб, савобини майитларга бағишлаш лозим. Бироқ мулла билан пулга келишиб, ижарага қуръон ўқувчи ёллаб ўқитиш жоиз эмас. Зеро, қуръон тиловати ҳам ибодат бўлиб, бу ишда ёлланиш мумкин эмас.
Абдуфаттоҳ МУСАХОНОВ,
«Девонабобо» масжиди имом ноиби.

