СУДЬЯЛАР ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТДА
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга доир истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси суд тизими ходимлари учун улкан амалий аҳамиятга молик воқеа бўлди. Халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш мақсадида ҳар бир судья аҳоли билан жойларда ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этмоқда. Ана шундай мулоқотлардан бири Тошлоқ маҳалласида бўлди. Унда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Ж.Мамуров, туман маъмурий суди раиси Б.Касимовлар иштирок этди-лар. Учрашувда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар моҳияти, хусусан, янги тузилган маъмурий судларнинг вазифа ва ваколатлари, бундан ташқари, фирибгарлик, ўғрилик, фоҳишабозлик, қиморхона сақлаш жиноятларининг олдини олиш ҳамда ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш жинояти ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида гапириб ўтилди.
Шунингдек, шу куни сайёр суд ўтказилиб, ҳар бир ҳуқуқбузарлик жамоатчилик олдида таҳлил этилди, жиноятчиларнинг иқрорлари тингланди ва жазони ўташ даврида намунали хулқи билан ўзини кўрсата олган, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, кейинги ҳаётида эл-юрт равнақи йўлида ишлашга астойдил киришган ушбу фуқаролар муддатидан олдин жазодан озод қилинди.
Якунда фуқароларнинг мурожаатлари тингланди, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва саволларига жавоблар қайтарилди.
Музаффар МУСАБОЕВ,
туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

