СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

Саволга тумандаги 2-сонли давлат нотариал идораси стажёр нотариуси Алимардон ҲАКИМОВ жавоб беради.

Савол: -Юридик шахслар томонидан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш қандай тартибда амалга оширилади?

Жавоб: -Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди.

Шунингдек, нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар қуйидаги вазифа ва функцияларни амалга ошириши ҳам белгилаб берилди:

-ўз фаолиятини давлат таълим стандартлари ва талаблар асосида амалга оширади;

-амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъи риоя қилган ҳолда юқори малакали педагог ва бошқа кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради;

-ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ўзаро муносабат ўрнатади;

-ўз фаолиятини аҳолига пуллик таълим хизматларини кўрсатиш, хайрия фондлари ва грантлардан келиб тушган маблағлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштиради;

-битирувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат беради. Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилиши белгилаб қўйилган. Кейинги йилларда ўқувчиларни бепул (грант асосида) ўқитишни давом эттириш бўйича қарор нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан таълим олувчининг оилавий шароити ва унинг академик натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади, деб айтиб ўтилган.