ЭЗГУ ТИЛАКЛАР АЙТИЛДИ

Туман Кенгаши депутати Барнохон Мирзамова раҳбарлигидаги Наманган илмий текшириш станциясининг Қизилравот бўлими фидойилари ўтган йилни қувонарли ютуқлар билан якунлашди. Пахта ва ғалла, озуқа экинлари етиштириш режалари ортиғи билан бажарилди. «Уйчи обод замини» фермер хўжалиги лафзи ҳалоллари ҳам ваъдаларининг устидан чиқдилар. Эришилаётган ютуқларда Неъматжон Бойдедаев, Ихтиёр Раҳматиллаев, Одилжон Бойматов, Адҳамжон Ҳожиев, Ўткирбек Маматқулов, Фозилжон Қозоқов, Абдунаби Ҳамидов, Моҳида Исмоилова, Машҳура Сайдуллаева, Гулчеҳра Соқиева каби  сувчи, механизатор, пудратчиларнинг ҳиссалари катта.

Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда илғорлардан йигирмага яқинига велосипед, маиший техника анжомлари совға қилинди.

-Меҳнаткашларни моддий ва маънавий рағбатлантиришни доимий давом эттирамиз, -дейди Барнохон Мирзамова. -Шу билан бирга, қўшимча янги иш ўринлари яратиш эътиборимизда бўляпти. Яқинда тикувчилик цехимизда 20 нафар хотин-қиз иш бошлади. Иссиқхона ва ўсимликни қуритиш цехимизда 18 та янги иш ўрни яратдик.

Бу йилги қишлоқ хўжалиги мавсумини ҳам жамоа миришкорлари катта эзгу ниятлар билан бошлашмоқда. 38 гектар майдоннинг пуштаси олиб қўйилди. 10 гектар ерга яхоб суви берилди. Тез кунларда чигит экишга киришилади.

*****

Наврўз байрами муносабати билан агросаноат мажмуи, давлат муассасалари ходимлари, савдо, тадбиркорлар касаба уюшмаси туман кенгаши томонидан қишлоқ хўжалиги вакиллари ҳамда фаолларга эҳтиром кўрсатилди.

«Мустақиллик боғи»даги мажмуада бўлиб ўтган шодиёнада агросаноат ходимлари, истеъмол товарлар ишлаб чиқариш, савдо, тадбиркорлар касаба уюшмаларининг вилоятдаги масъул ташкилотчилари Икромжон Шарофиддинов, Қодирхон Мавлонов, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Улуғбоев, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Султонмаҳмуд Акралов ва бошқалар эзгу тилаклар билдирдилар. Самимий изҳорлар куй-қўшиқ ва рақсларга уланди.

*****

1-мактаб ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Орифжон Аҳмадалиев раҳбарлигидаги «Ёш дурадгор» тўгараги аъзолари Наврўз  арафасидаги саховат тадбирлари ҳамда байрам ярмаркасида фаол қатнашдилар.

-Бўлимимизга ёш дурадгорлар Бекзод Ҳошимхўжаев, Мусахон Адашбоев, Обиджон Олимбоевлар ўзлари тайёрлаган 20 дона ҳассани туҳфа қилишди, -дейди туман тиббиёт бирлашмасининг тиббий ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи Маҳаммаджон Ҳайдаров. – Бу совғани ҳассага муҳтож фуқароларга етказдик. Улар жуда ҳам хурсанд бўлишди.

Муаззам ПИРМАТОВА,

12-мактаб ўқитувчиси.