АСКАРЛАР ШАРАФЛАНДИ

Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказида туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими, туман ЎСТК ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан хизмат муддатларини ўтаб, туманимизга қайтган аскарларни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Тадбирда туман ҳокимлиги мутахассиси Шокиржон Имомов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор Ҳамроқул Шукруллоев, туман ЎСТК ўқитувчиси Шоҳруҳ Бойдадаевлар сўзга чиқиб, юртимизда олиб бори-лаётган ислоҳотлар, миллий армиямизнинг шаклланганлиги, эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталдилар, аскарлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдирдилар.

-Болалигимдан ҳарбий либос кийишни орзу қилардим. Орзуимга эришдим. Бунда қатъий тартиб-интизомни ёқтирувчи отамнинг ҳиссаси катта, -дейди Мевазор МФЙда яшовчи Абдумирзо Жумабоев. -Ҳарбий хизмат давомида янада чиниқдим. Аминманки, бу кўникма менга ҳамиша ёрдам беради.

Тадбир якунида аскарлар ва уларнинг ота-оналарига туман ҳокимлигининг «Ташаккурнома»си ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, туман ЎСТКнинг эсдалик совғалари топширилди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.