Фарзандсизлик

Фарзандсиз аёлни йиғлатса биров,

Каттароқ очилар армон эшиги.

Тундай сочларига тушади қиров,

Алладан тебранар бўм-бўш бешиги.

Умид-ла ёлвориб кўкка боқади,

Қаро киприклари ёшдан ҳўл бўлар.

“Фарзандим йўқ”, -дея бағрин ёқади,

Фарёдидан ёмғирлар ҳам дўл бўлар.

Дунё кўзларига кўринар тордай,

Бошига болишлар ботганда она.

Тунлари пайпаслаб фарзанди бордай,

Аллалар айтади – тақдирдан тона.

«Эркам», -дея фарзандини қучолмас

«Боламга» деб ўйинчоқлар йиғмаса.

Бу тақдирнинг синовидан қочолмас,

Шу дард кунда юрагини тиғласа.

Тилагим биргина фарзанд доғидан,

Армон гирдобига чўкмасин аёл.

Оллоҳ жойлар берсин бахтнинг боғидан,

Беҳуда кўз ёшин тўкмасин аёл.

Гулшаҳноз ҲОШИМОВА.