ҒАЙРАТГА ТОЗА ИЧИМЛИК СУВИ КЕЛТИРИЛДИ

Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик агентлигининг тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида “Қишлоқларни сув билан таъминлаш ва санитария лойиҳаси” асосида туманимизда ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.

4 млрд. 400 миллион сўм маблағ эвазига 78,8 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. 2 та қудуққа иккита янги насос туширилди, 5 та янги сув манба минораси ўрнатилди. Шунингдек, аҳолининг ташаббуси билан 98,8 километр қўшимча сув тармоғи тортилди.

Ғайрат, Бояғон, Олмурут, Иттифоқ маҳаллаларида яшовчи 2843 та хонадонда яшовчи 15 мингдан ортиқ аҳолининг бир неча йиллик орзуси ушалди – уларнинг хонадонига тоза ичимлик суви келтирилди. Бундан ташқари, санитария лойиҳаси бўйича ҳудуддаги саккизта мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, 33-қишлоқ оила поликлиникасининг ҳар бирига 1 тонналик сув манба минораси ва қўл ювиш мосламаси ўрнатилди. Яна бир хайрли лойиҳа 22-мактабда 260 мил-лион сўм маблағ эвазига “Экотуалет” қурилиши бошланганидир.

Буларнинг барчаси – аввало, аҳоли саломатлигини таъминлаш, умрини узайтириш, турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда катта аҳамиятга эга.

Мазкур лойиҳанинг ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликда муваффақиятли амалга оширилишида Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги вакиллари билан биргаликда ташаббускор гуруҳ вакиллари, меҳнат фахрийлари Қодиржон Раҳимов, Олимжон Имомов, Замира Отамирзаева, Комилжон Сиддиқов, Қосимжон Дадабоев, Олмурут МФЙ раиси Абдулбоқи Қаюмов, фаоллардан Ҳамидулло Омонов, лойиҳа координатори Нурбек Пўлатов, “Ғайрат оби ҳаёт ичимлик суви” ННТ раиси Абдулвоҳид Абдуллаев, бухгалтер Қобилжон Дадабоевлар жонбозлик кўрсатдилар.

27 март куни Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги вакиллари туманимизга ташриф буюриб, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишишди. Дастлаб меҳмонларни 34-мактабда кутиб олинди. Шу мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Гулбаҳор Пўлатова 3-4-синфлар ўқувчилари иштирокида меҳмонларни инглиз тилидаги шеър ва қўшиқлар билан қарши олгани уларни беҳад мамнун этди. 22, 47-мактаблар ўқувчилари ҳам француз тилида чиқишлар қилишди.

Туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Мамадалиев, Республика “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаевлар меҳмонларнинг ташрифи ва ҳамкорлик учун самимий миннатдорчилик билдирдилар.

Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик агентлигининг “Қишлоқларни сув билан таъминлаш ва санитария лойиҳаси” директори Оливье Норманд лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишида фаол қатнашганларга ташаккур изҳор этди.

Меҳмонлар тоза ичимлик суви келтирилган объектларда ҳамда аҳоли хонадонларида бўлишди.

Абдулаҳад АБДУРАҲМОНОВ,

туман Кенгаши депутати.