АЁЛГА ЭҲТИРОМ
Мамлакатимизда шитоб билан давом этаётган янгиланиш оқимидан бутун дунё ҳайратда. Кун сайин дадилроқ, яққолроқ бўй кўрсатаётган мислсиз ўзгаришлардан дўстлар ҳаяжонда, душманлар талвасада.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси матни БМТ Бош Ассамблеясида катта қизиқиш уйғотгани тўғрисидаги хабарлар матбуотда юз кўрсатганда бутун халқимиз якдиллик билан бир тилакни тилга олди: «Илоё, юртимизга кўз тегмасин, Юртбошимизни Яратганнинг ўзи асрасин».
Муболаға қилмоқчи эмасману, лек ҳозирги кунда чиқаётган ҳар бир янги фармон, қарор юртдошларимиз томонидан энг зўр бадиий асар каби қувонч билан кутиб олинмоқда, мароқ билан ўқиляпти, ҳаяжон билан муҳокама қилинаётир. Айниқса, биз, аёлларга эътибор бугунги кунга келиб давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бир зиёли аёл сифатида Президентимизнинг шу йил 2 февраль кунги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари билан яқиндан танишиб чиқдим. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш, аёллар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш учун ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор аёлларни аниқлаш, улар билан алоҳида иш олиб бориш, жазо муддатини ўтаб қайтганларнинг осойишта ҳаётга мослашувига кўмаклашиш ва бошқа долзарб масалалар Фармоннинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Бу борада қилинадиган ишлар қаторидан «Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис» лавозимининг жорий этилиши, қишлоқ врачлик пунктларида аёллар маслаҳатхоналарини ташкил қилиш, хотин-қизлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш фонди, «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказини йўлга қўйиш, «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини таъсис этиш каби эзгу тадбирлар ўрин олган.
Буларнинг барча-барчаси мамлакатимизда соғлом жамиятни юзага келтириш борасидаги саъй-ҳаракатлардир. Биз, аёллар эса ушбу Фармондан руҳ олиб, ўзимизнинг эл-юрт, келажак олдидаги масъулиятли бурчимизни унутмаслигимиз, фарзандларимиз тарбиясига жиддий ёндашмоғимиз лозим.
Зоҳидахон БОЙХОНОВА,
26-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

