ЕРГА МУНОСАБАТ ЎЗГАРАДИ
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг асосий қисми – фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш асосида ушбу соҳада ўз ечимини кутиб турган масалаларни бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилишга туманимизда астойдил киришилди. Хусусан:
-барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларида уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича прогноз ҳажмлар белгиланди;
-мутасадди идоралар ҳамкорликда уйма-уй юриб, ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонлари хатловдан ўтказилди;
-уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини оила эҳтиёжи ва сотиш учун мўлжалланган қисмларга ажратиш, экинларнинг тўлиқ ва сифатли экилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назорати ташкил этилди;
– томорқа ерларда асоссиз равишда қишлоқ хўжалик экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига насбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилиши ҳақида огоҳ этилди.
Шунингдек, деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ер эгаларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинадиган бўлди.
Мазкур Фармон ва қарор, туманимиздаги мавжуд фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда томорқа ер эгаларидаги экин майдонларидан унумли фойдаланиш бўйича янги чораларнинг белгиланишига хизмат қилади, аҳолида ерга бўлган муносабатни ўзгартиради.
Гавҳархон ВАЛИЕВА,
туман Кенгаши депутати.

