ИККИ ЎЙИН, ИККИ ҒАЛАБА
20 апрель куни туманимизнинг «Пахтакор» марказий ўйингоҳида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати биринчи лига баҳсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу куни ўйингоҳни тўлдирган минглаб мухлислар қаршисида «Хотира-79» (Уйчи) ҳамда Тошкентнинг «Локоматив БФК» жамоалари саф тортишди. Ўйин аввалида туманимиз ҳокими Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, миллионлар ўйини бўлмиш футбол байрами билан барчани қутлади, жамоаларга омад тилади.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграб, Ватанимиз байроғи кўтарилди.
Бош мураббий Нозимжон Муллаохунов бошчилигида майдонга тушган жамоамиз 1- ва 2- бўлимларда ҳам рақибларидан устунлик қилди, 4:3 ҳисобида ўйинни ўз фойдасига ҳал этиб, қимматли 3 очкога эга бўлди.
***
Баҳсларнинг иккинчи тур даврасида вакилларимиз Бухоро вилоятининг «Лабса» жамоаси меҳмони бўлди. Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра «Хотира-79» жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

