КЎРГАН КЎЗЛАР ҚУВНАЙДИ
Машад маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳошимжон Усмонов куюнчак, тиниб-тинчимас, шижоатли раислардан. Бир ишга киришдими, охирига етмай қўймайди. Агар унга бирор бир масалада ёрдам учун вакил қўйилса: «Мен топшириқни вакилсиз ҳам бажаравераман», -деб дангал айтади ва гапининг уддасидан чиқади. Кўпдан буён таниганим боис Ҳошимжон акани ҳақиқий фидойи раислардан, деб биламан.
Яқинда ижодий сафар билан Машадга йўл олдим. Бу ҳудудда томорқасидан самарали фойдаланаётган хонадонлар анчагина экан. Улардан бири – Муроджон ака Дадахонов хонадонига раис йўл кўрсатди. Хонадонга етиб келганимизда, бу ердаги гулзорларни кўриб, кўзимиз қувнади. Оила бошлиғи Муроджон ака 20-мактабда ўттиз йилдан буён рус тили фанидан дарс бераркан. Тўрт сотих экин майдонидан бир йилда уч мартагача ҳосил олади. Февраль, март ойларида 6 минг туп бодринг, 40 минг туп помидор, бундан ташқари, бақлажон, райҳон, болгар қалампири кўчатларини етиштирди. Шу ой бошида помидор кўчатини эккан, августга бориб кўкатлар парваришлайди. Декабрь, январь ойларида ер дам олади. Томорқада ўзи билан турмуш ўртоғи Наимахон опа, ўғиллари Аъзамжон шуғулланади. Хонадонга яқинда янги тоза ичимлик суви тармоғи тортилган экан. Бундан уларнинг қувончи чексиз.
-Сув масаласида кўп қийналардик, -дейди Муроджон Дадахонов. -Яқинда вилоятимиз ҳокими бошчилигида ташриф буюрган ишчи гуруҳи томонидан масала ўрганилиб, маҳаллий бюджетдан 25 миллион сўм маблағ ажратилди. 4,5 километрга янги ичимлик суви тармоғи тортилди. 150 хонадон бугун тоза ичимлик сувидан баҳраманд.
-Яна бундай хонадонларимиз кўп, -дейди Ҳошимжон ака. -Абдумалик Нишонов, Илҳомжон Машариповлар ўз иссиқхоналарида етиштирган помидор кўчаларидан 4 минг тупини кам таъминланган оилаларга бепул тарқатишди.
Н.Абдуллаев номли СИУ ҳудудидаги «Олтин гавҳар зумрад нур» фермер хўжалиги пайкалларидан ўтиб борарканмиз, бу ерда ҳам арзигулик ишлар амалга оширилаётганига шоҳид бўлдик. Уч сотихдан иборат бўлган жами саккизта иссиқхонада помидор, қалампир, бақлажон, карам кўчатлари етиштирилибди. Ўзи ошпаз бўлган Нурилло Мамадалиевни айни иш устида учратдик. У бу йилги ҳосилдан ҳам мамнун.
Якка тартибдаги тадбиркор Анасхон Султонов қуруқ мевани қайта ишлаш билан машғул. Унинг цехида мавсум давомида кўплаб хотин-қизлар, ёшлар иш билан банд бўлишади. Тадбиркор маҳалланинг кўплаб саховат тадбирларида ёрдамини аямайди.
Машад томонларда амалга оширилаётган юқоридаги каби хайрли ишлар ҳамма жойда оммалашса, томорқани хазинага айлантирадиганлар сафи кенгайса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Муҳаммад АЛИ.

