ЎЙЛАМАЙ БОСИЛГАН ҚАДАМ

Дунёда ўз сир-синоати билан машҳур мамлакатлар бисёр. Ана шундай сеҳрли диёрлардан бири қадимдан то ҳозиргача буюк даҳоларни ўз бағрида ундириб-ўстирган гўша, шубҳасиз, жонажон жаннатмонанд Ўзбекистондир. Беруний, Фаробий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк шахслар ўзбек халқини, қолаверса, туркий халқларнинг асл фарзандлари ва ифтихори ҳисобланади.

Бугунги ёшларнинг асосий вазифаси ана шундай таниқли аждодларнинг муносиб ворислари бўлмоғи зарур. Улар шундай тинч ва фаровон юртда яшар экан, доимо ушбу тинчликнинг қадрига етмоғи, ўзларига берилган имкониятлардан оқилона фойдаланмоғи лозим.

Аммо айрим ёшларимиз бундай қулайликлардан фойдаланиш ўрнига олис юртларга ишлаш учун кетиб, Ватан соғинчи, юрт қадри, бир бурда нон топиб ейишнинг бахтини чин дилдан ҳис эта олаяптими? Бугунги кунда хорижга иш излаб кетаётган ватандошларимизнинг ҳаммаси ҳам ана шундай туйғуларни бошидан кечирса, нур устига аъло нур бўлар эди. Ачинарлиси, ҳали онги, дунёқараши тўла шаклланмаган айрим ёшларимиз диний экстремизм, терроризмни касб қилган кимсаларнинг домига тушиб қолаётгани ташвишли ҳол.

Уйчи туманида яшовчи И.Б. ҳам 2012 йили Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини тамомлаб, Россия давлатига ишлаш мақсадида боради. У телефони орқали интернетдаги тармоқлардан ноқонуний ҳисобланган диний экстремистик сайтлардаги фотосуратларга «Лайк» босиб, суратларни тарқатгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давомида аниқланди.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида атрофлича ўрганиб чиқилди. Айбланувчи И.Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, унга энг кам иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Анваржон НИЗАМОВ,

вилоят прокуроратурасининг 15-бўлим прокурори.