БАҲОСИ ЙЎҚ ДОКТОР
Устоз шоир Фазлиддин Давроннинг «Доктор Усмонов» номли китобини қайта-қайта кўп бора қўлга олганман. Заргарона терилган сатрлар, мисралар Фазлиддин ака ижодий оламини яна ва яна кашф этаверади кўз ўнгимда. Бироқ қуйидагиларни қоғозга туширишимга китобдаги бошқа бир нарса туртки берди. Муаллифнинг қаҳрамони билан бўлган суҳбатидан айнан шу ерини келтирайин:
“-Қандай орден-медалларингиз бор?
У мийиғида кулди.
-Кенггина кўкракдан бор, бироқ у бўш – чойнак қопқоғи ҳам йўқ. Айтиб қўяй, ҳеч қачон мукофотларга умид қилган эмасман”.
Кўз ўнгимда Фазлиддин ака Усмонов (Аллоҳ раҳматига олсин) қиёфаси гавдаланди. Агар мен докторни яхши танимаганимда, феъл-атворини билмаганимда китобнинг шу ерига бироз муболаға аралаштирганликда гумон қилардим. Фазлиддин Усмонов эса машаққатли меҳнатининг ортидан рағбат кутадиган инсон бўлмаган. Унга соғайиб кетган беморининг самимий миннатдорчилиги ҳар қандай мукофотдан қимматроқ бўлган.
Фазлиддин ака умрининг энг гуллаган қирқ йилдан ортиғини туман тиббиёти равнақига сарфлади, минглаб беморлар дардига шифо бахш этди, малҳам бўлди. Докторга кекса-ю ёш бир хил: «Фазлиддин Усмонович», -дея мурожаат қилишининг ўзиёқ нақадар юксак дидли, савияли инсон эканидан дарак берарди. У киши муомалада, кийинишу юриш-туришда, касбий этикада бир умр маданият, маънавиятни тарғиб қилган. Фазлиддин акага ўхшашни истаганлар, йўлини тутишни ихтиёр этганлар озмунча дейсизми? Бироқ у инсонга ўхшаш учун биргина истакнинг ўзи кифоя эмаслигини ҳамма ҳам билавермайди.
Халқ врачи Назира Жуманованинг таърифича: «Шифокорликни санъат даражасига олиб чиққан мутахассис» бўлган Фазлиддин Усмонов. Бу дунёда санъат тури жуда кўп. Лекин ҳар қандай меҳнат маҳсули санъат даражасига етиши учун, биринчи галда, у пок, тоза, турли қилбирлик, сохталик, кўчирмачилик, қолаверса, таъмагирликдан холи бўлмоғи шарт. Назира опа таърифлаганда айнан Фазлиддин ака фаолиятидаги ўша софлик, беғуборликни назарда тутган бўлса, не ажаб.
Аммо Фазлиддин Усмоновга энг зўр таърифни адаши, мен бошида ёдга олиб ўтган Фазлиддин Даврондан ўтказиб ким ҳам бера оларди? Ушбу сатрларга бир нигоҳ ташланг-а, барчасига ўзингиз шоҳид бўласиз:
Ҳалоллик ва поклик юзу кўзидан,
Нурдайин ёғилиб турар сўзидан.
Ҳақни гапиради ёлғон ёмон, деб,
Ёлғончи дунёда ҳақ сўз омон, деб.
Кўнгли кичик жуда ҳатто ўзидан,
Хижолатда юрар тўғри сўзидан.
Уйдами, кўчада, ишда ҳаммавақт,
Сиздан аввал салом беради албат.
Фазлиддин Усмонов шундайин, эй ёр,
Яхшиликка ҳарвақт жонидир нисор.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

