ДОИМО ТАЪЗИМДАМАН
Касбим тақозоси билан кўп марта зиёлилар даврасида бўламан. Суҳбат ижод, журналистика мавзусига бурилиб, бобом, «Уйчинома» газетасининг собиқ муҳаррири (ўша кезлари «Октябрь байроғи» деб аталарди) Асадулла Халилов ҳақида гап кетганда қалбим ғурур ва ифтихорга тўлади.
Ҳозирги ёш авлод бобомни яхши билмаслиги боис, у кишининг ибратли ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қилиб, порлоқ хотираларини ёдга олмоқчиман.
Асадулла Халиловнинг болалиги Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларига тўғри келган. Акаси Абдулла урушга кетгач, уй юмушлари ёш Асадулланинг елкасига тушади. Акаси анча-мунча ижодга қизиққан, шеърлар машқ қилиб тургани боис, Асадулла ҳам акаси изидан боради. Фронтдан келган мактубларида Абдулла ўзи ета олмаган орзуларига укаси етишини тилаб, бу йўлда тинмай меҳнат қилишга ундайди. (Бобом бу хатларни кейин ҳам узоқ йиллар сақлаб, қайта-қайта ўқир экан).
Урушдан кейин мактабни битирган Асадулла Халилов Ўрта Осиё давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга киради. Ўз замонасининг таниқли олим ва ижодкорлари Асил Рашидов, Жонрид Абдуллахонов, Восе Маҳкамов, Расул Раҳмонлар билан бирга таҳсил олади. Уларнинг ижодий алоқалари кейинчалик ҳам сақланиб қолган.
Бобом ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистон жур-налистлари ижодий уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. У кишининг туман газетаси муҳаррири сифатида ёш ижодкорларни кашф қилиш, ижодий муҳитни ривожлантириш ишларида улкан ҳиссалари бор.
Вилоят, республика миқёсида танилган ҳамюртларимиз Тожиддин Ғозиев, Зиёвиддин Мансуров, Абдубанно Холмонов, Фарҳод Йўлчиев, Адҳамжон Ҳожиматов, Фазлиддин Даврон, Каримжон Раҳимов, Муҳаммаджон Қодиров айнан бобомни устоз билиб, ижод оламига кириб келганлардан. Бундан ташқари, Асадулла Халилов Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Туроб Тўла, Комил Яшин каби ўзбек адабиётининг забардаст намояндалари билан яқин алоқада бўлганликларини кўпчилик билавермайди.
Бобом оилавий ҳаётда ҳам атрофдагиларга ўрнак, намуна бўлганлар. Бувим Ҳамрохон ая билан аҳил турмуш қуриб, 8 фарзандни камолга етказганлар, маълумотли, уйли-жойли қилганлар.
Бобом фарзандлар, набираларга доим ҳалол яшаш, пешона тери билан топилган маблағ баракали бўлишини уқтирардилар.
Мен Асадулла Халиловдай ҳазрати инсоннинг авлоди эканимдан қалбим фахру ифтихорга тўла. Хотира ва Қадрлаш куни олдидан кўплар қатори бобом Асадулла Халиловни ёд этувчи барча ҳамюртларимга бош эгиб, таъзимдаман.
Азимжон МАМАДАЛИЕВ.

