ЙЎЛБОШЧИ ДОМЛА

«Домла» сўзининг луғавий маъноси (даҳ – қишлоқ, мулла – илмли) «қишлоқнинг илмли одами» бўлиб, қадимда қишлоқдаги хат-саводи бор кишиларга нисбатан қўлланган. Ҳозир ҳам асосан ўқитувчи, муаллимлар ва диний маълумотлилар «домла» деб айтилади. Отам Қўчқорали Қосимовни ҳам уни таниганлар «Домла, домла бўлганда ҳам жамоанинг йўлбошчи домласи», -дейишарди. Бунга сабаб падари бузрукворимнинг кўплаб фазилатлари, устозлик салоҳиятлари эди.

Отажоним 1935 йилда Жийдакапада оддий деҳқон оиласида дунёга келдилар. Замон оғир, очарчилик, қийинчиликлар катта-ю кичикни тирикчилик ташвишига солиб қўйганди. Шундай бўлса-да, отам мактабда ўқишга имкон топдилар. Мактабни тамомлаб, Наманган тиббиёт билим юртига ўқишга кириб, фельдшер бўлиб етишдилар. Қишлоқ касалхонасида иш фаолиятларини бошладилар. Маълум фурсат ўтгач, ўзларидан қониқмай, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг сиртқи бўлимига ўқишга кирдилар. Ўқишни тамомлаб, тумандаги 2-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлай бошладилар. 1972 йилда мактаб иккига бўлинди ва отам ажраб чиққан 14-мактабга директор этиб қўйилдилар.

Шундан сўнг 2-мактабда директор ўринбосари, ўқув-ишлаб чиқариш мактабида ўқув бўлими мудири, Наманган шаҳар мактаб-интернатида, 24-мактабда директорлик қилдилар. Отажоним қаерда, қандай лавозимда ишламасинлар, вазифаларига меҳр-муҳаббат, масъулият билан ёндашдилар, касбларини такомиллаштиришга, янгиликларни амалиётга жорий этишга астойдил ҳаракат қилардилар. Жамоада соғлом муҳит яратиш, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ишларини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия сифатини юксалтириш ишлари ҳам отамнинг кундалик юмушларидан эди.

Қишлоқда, маҳаллада ҳам ташкилотчи, маслаҳатгўй, одамларга ғамхўр эдилар.

Биз, етти нафар фарзандни эл корига камарбаста, ўқимишли, касб-корли қилиб ўстирдилар. Меҳрибон отажонимиз доимо қалбимизда яшайдилар, қилган эзгу амаллари биз учун олий намуна, ибратдир.

Падарим, меҳрингиз топмай, бетоқат,

Қумсаб яшаяпмиз сўзингиз ҳамон.

Аллоҳ ҳузурида топингиз роҳат,

Сизни унутмаймиз, асло, ҳеч қачон.

Ақидахон ҚОСИМОВА,

14-мактаб директори.