КЕЛАЖАККА ҚАДАМ
Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида одамлар ишчан бўлиб кетишган. Биринчи галда улар моддий бойлик орттириш илинжида меҳнат қилишади. Аксар ота-оналар рўзғор ташвиши билан машғул бўлиб, бола тарбиясига вақт ажрата олмайди. Уларда «Фарзандларимнинг барча эҳтиёжларини қондиряпманку, қолгани ўз-ўзидан бўлаверади» қабилидаги фикрлар устуворлик қилади.
Оқибатда эса бола онгида бўшлиқ пайдо бўлади. У ўзи истаган вақт дарсга боради, интернет клубларида соатлаб қолиб кетади, ота-она томонидан ажратилаётган пулларнинг кўп қисми виртуал оламга, яъни жангарилик тарғиб этилган кибернетик ўйинларга сарфланади.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, дарсларда мунтазам иштирок этиши ва спорт билан шуғулланишлари учун туманимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир миллатнинг келажаги давлатнинг тинчлиги ва равнақи, ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир. Шундай экан, фарзандлар тарбиясига барчамиз бирдек масъулмиз. Зеро, биз, катталар жамият олдида, юрт олдида доимо қарздормиз. Баркамол авлод эса халқимиз қадриятларини, миллий анъаналаримизни давом эттирувчи ворисларидир.
Зумрадхон МЎМИНОВА,
28-МТМ тарбиячиси.

