МАЪНАВИЯТЛИ ИНСОН ЭДИЛАР
Абдуқодир Жумабоев. Қаерда бу ном тилга олинса, таниганлар кўзи олдига салобатли, очиқ чеҳра, фаришта юзли, одми ва сипо кийинган, мулойим, зиёли инсон келади. Бу киши менинг отам эдилар. Ҳаёт бўлганларида салкам 90 ёшга кирардилар. Раҳматли волидамиз Умихон ая билан биз, етти нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказиб, олий маълумотли қилиб, ҳаётда ўз ўрнимизни топиб беришган.
Бизлар ҳам улғайиб, фарзандларимизни тарбиялаш жараёнида ҳис қилмоқдамизки, ота-онамиз биз учун борларини бахшида этган эканлар. Аллоҳ раҳматига ноил бўлишган бўлсин.
Улғайиб, оқ-қорани таниб, отамнинг қилган ишларини тафаккур қилсам, аён бўлмоқдаки, у кишида бир олам инсоний фазилатлар жам бўлган экан. Болаликлари уруш даврига тўғри келганлиги боис, ҳамма қатори кўп қийинчиликларни тортганлари маълум. Бу ҳақда сўрасак: «Қўйинглар, яхши кунлардан гаплашайлик. У кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин», -дердилар.
Отам оилапарвар эдилар. Ота-оналарини кўп эслардилар, дуо-фотиҳа қилардилар. Бизларга, набираларига шундай меҳрибон, фидойи эдиларки, биронтамиз оғриб қолсак, ҳаловатларини йўқотардилар, соғайгунимизгача бошимизда парвона бўлардилар.
Онамизни ғоят ҳурматлаб, авайлар эдилар ва буни бизларга ҳам кўп уқтирганларини яхши эслайман. Отам режа ва тартиб соҳиби эдилар.
Хоҳ уйда, хоҳ ишда, хоҳ бошқа жойда бўлсин, ҳар бир ишни пухта режалаб, бартартиб амалга оширардилар. 23-мактабнинг янги биноси қурилганда, отам мактабга директор бўлиб келдилар. Мактаб жамоасини бино ичида юмшоқ шиппак билан юришларини жорий этган эдиларки, бу ҳам тартибни, ҳам осойишталикни таъминлаб, дарслар самарадорлигининг ортишига сабаб бўлганди. Отам серғайрат, меҳнатсевар эдилар.
Оиламизни етарли таъминлаш, бизларни ҳеч нарсадан камитмай катта қилиш учун хизмат вазифаларидан ташқари вақтларда ҳовлимизда барча мева-сабзавотларни жуда сифатли етиштирардилар, уста шоликор эдилар, пилла қурти парваришлаб, юқори ҳосил олардилар. Бу борада «Қулдай ишла, бекдай яша», -деган шиорлари бор эди. Отам хизмат вазифаларига садоқатли, масъулиятли ва талабчан эдилар.
Отам қишлоқ мактабида ўқитувчи, халқ таълими бўлимида нозир, 15, 23-мактабларда директор бўлиб ишлаганлар. Вазифаларини сидқидилдан, маромига етказиб адо этганликларини сафдошларидан кўп эшитганмиз. 1986 йилда 23-мактабнинг ўқувчилардан иборат бадиий ҳаваскорлик жамоаси (раҳбари Муҳаммаджон Нишонов эди) Москвада халқ хўжалик ютуқлари кўргазмасида ўтказилган Бутуниттифоқ кўрик-танловида иштирок этиш шарафига муяссар бўлган эдики, бундай шарафга вилоятда билмадиму туманда ҳеч бир жамоа муяссар бўлмаганди. Отамнинг фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланиб, «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони берилган. Отам шеърпараст, сўзамол нотиқ ва ҳозиржавоб эдилар.
Тўй-ҳашамлар, турли тантанали тадбирларга файз бағишлаб, одамлар руҳини кўтарардилар. Ҳар жойда маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлганлар. «Дилхирож»га рақс тушганларида қойил қолмаган одам бўлмасди. Менинг шундай отам бор эдилар.
Азизлар, мени мақтанчоқликка йўймайсиз, деб умид қиламан. Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан қўлимга қалам олиб, ушбу сатрларни битишдан мақсадим, отамнинг дўсту қадрдонларини, қариндошларни хурсанд этиш ва ҳозирги ёшларга ибрат бўлишини хоҳладим. Ўтганларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин.
Дилфуза ЖУМАБОЕВА,
23-мактаб ўқитувчиси.

