МЕҲНАТЛАРИ ЗОЕ КЕТМАДИ
Раҳматли отам Камолиддин Нажмиддинов ўз меҳнат фаолиятларини туманнинг урушдан кейинги даврларда аграр хўжалигини изга солишга бахшида этганлар. Падари бузрукворим меҳнат фаолиятларини 1944 йили туман сув хўжалиги бошқармасида гидрометр, сўнг инженер гидротехник вазифаларидан бошлаганлар. Аввал Наманган, сўнг Фарғонадаги гидромелиорация мактабларида ўқиб қайтгач, 37 йиллик меҳнатларини шу соҳага бағишлаганлар.
Бу йиллар давомида сел тошқинлари ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, адирларга сув олиб чиқиш, сувни ўзига шимиб оладиган структурали тупроқлардан ариқлар олиб ўтишда отамнинг тажрибаларига таяниб иш кўрилган. У кишининг жонбозликлари туфайли (у пайтлар, асосан, қўл меҳнатига таянилган) кўпгина фавқулодда ҳолатларнинг олди олинган.
Бугун ҳам Камолиддин Нажмиддиновнинг эзгу ишларини давом эттираётган шогирдлари, издошларини кўриб, отамнинг меҳнатлари зое кетмаганига қалбим қувонади. Назаримда, инсон ана шундай из қолдириб яшаши лозим, шундагина умри мазмунли кечган бўлади.
Маҳбуба ЯКУББОЕВА.

