ОТАМНИНГ ИБРАТЛИ ЙЎЛИ
Армоним бор бу дунёда, армоним бор,
Қоқ далада ўтлар босган ўрмоним бор.
Қизғалдоқдай бошим эгик бу маконда,
Ёшин яшаб ўтмаган отажоним бор.
Ота десам, бағри-дилим ёнаверар,
Куним ёнар, ою йилим ёнаверар,
Мозорига қўйсам, гулим ёнаверар,
Тутунларга тўлиб кетган осмоним бор.
Юқоридаги мисраларни такрор ва такрор ўқийман. Ўқиб бўлгач, хаёлимда ушбу сўзлар мунчоқдай тизилиб такрорланади: «Қанийди, содда ва самимий сўзли, меҳрибон отажоним ёнимда бўлсалар, фарзандлари камолидан, набиралари жамолидан кўзлари қувониб, илиқ муҳаббатларини изҳор этсалар…»
Отажоним Ҳошимжон Юлдашев ҳозир ҳаёт бўлганларида 68 ёшга тўлар эдилар. 1-мактабда ўқиганлар. Сўнг Наманган давлат педагогика институти-(ҳозирги НамДУ)нинг математика факультетини тамомлаб, туманимиздаги 23-мактабда математика фанидан ўқувчиларга таълим бердилар.
Йиллар давомида онажоним Саодатхон Юлдашева билан бахтли ҳаёт кечириб, олти нафар фарзандни вояга етказдилар. Акаларим Муҳаммаджон, Абдуғани, укаларим Алишер, Одилжон, Гулчеҳралар турли касбларни эгаллаб, бугунги кунда Ватанимиз равнақи йўлида меҳнат қилмоқдамиз.
Ҳеч нарсадан камимиз йўқ, истиқлол шарофати билан барча орзу-истакларимизга етмоқдамиз.
Аммо меҳрибон, оқкўнгил, дилкаш устоз – отамиз бизларга армон бўлиб қолдилар. Начора, бу дунё ўткинчи, дейдилар. Барча ўтганларни, жумладан, падари бузрукворимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Оила аъзоларимиз, фарзандлар номидан
Соҳиба АБДУЛЛАЕВА.

