ПАДАРИ БУЗРУКВОРИМНИ ҚУМСАБ…
Айтишларича, Аллоҳ ўзи ёқтирган бандаларини ҳузурига эртароқ чақириб олар экан. Шу гапни эшитдиму сабр деб аталмиш фазилатга бўйсундим. Отажоним Акрамжон Расулов! Агар сиз ҳаёт бўлганингизда бу йил 55 ёшни қаршилар эдингиз. Аслида инсон учун бу жуда кам.
Афсуски, Яратганнинг тақдири олдида ожизмиз. Уйимизнинг ҳар бир бурчагида, оилавий дастурхон атрофида ўтирганимизда бўш ўрнингиз, набираларингиз суратингиз турган уйга ҳар куни кириб, сизга салом беришлари – ҳамма-ҳаммаси қалбимизни тирнамай иложи йўқ.
Отажоним, сиз қисқа бўлса-да яхши яшадингиз. Тўрт фарзандни меҳрибон ойижоним билан вояга етказдингиз, уйли-жойли қилдингиз. Худога минг бор шукрки, элдан кам эмасмиз.
Сиз ҳақиқатан ҳам, Аллоҳнинг раҳматига лойиқсиз. Турли юмуш билан кўчага чиққанимизда вафотингиз ҳақида эшитмаганлар сўраса, эшитганлар яхши сўз билан эсласа, вужудимдаги ўксиниш ифтихор ва ғурур билан алмашади.
Меҳрибоним, сиз ўттиз йил туманимиздаги 33-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга тил ўргатдингиз. Шу муддатнинг ўн йилидан ортиқроғида мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида иш олиб бордингиз. Ҳар гал газета саҳифаларида ёки турли йиғилишларда 33-мактабнинг маънавий-маърифий соҳадаги ютуқлари ҳақида эшитганимизда, албатта, сизнинг ҳам ҳиссангиз борлигини ҳис этардик.
Ҳозирда нафақат касбдошларингиз, ҳатто ўқувчиларингиз ҳам сизни чуқур ҳурмат билан тилга олади. Нимадир юмуш билан Ёрқўрғонга бориб қолсак, хурсандчилик билан қайтамиз. Уларнинг айримлари билан ҳозиргача борди-келдимиз бор. Ёрқўрғонликлар «Расулов домламлар» десалар қувончимизнинг чегараси бўлмайди.
Отажоним, ҳар гал зиёратингизга борар эканмиз, сизнинг одатингизни канда қилмай, катта уйдаги бобожоним Абдураҳмон Расулов ва бувижоним Гулчеҳра Атаджановаларнинг ҳолларидан хабар оламиз. Ёшлигимизнинг илк онлари ўтган ушбу масканда қалбимнинг кемтиги тўлгандай бўлади.
Илоҳим, бахтимизга улар, она-жоним узоқ умр кўриб юришсин.
Аллоҳ сизни суйган бандалари қаторида кўрсин, охиратингиз обод бўлсин.
Қизингиз, 35-мактаб ўқитувчиси Адиба АБДУЛАЗИЗОВА.

