ФИДОЙИЛАРЧА ИШЛАГАН ОҚСОҚОЛ
Бугунги кунда ўзини ўзи бошқариш органларига бўлган эътибор ҳар қачонгидан кучаймоқда, катта имкониятлар берилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари фидойи, жонкуяр, ўз ортидан кўпчиликни эргаштира оладиган, ташаббускор бўлиши керак. Айрим нўноқроқ раисларни кўрганда фидойиларча ишлаган оқсоқоллар кўз ўнгимиздан ўтади. Уларни ибрат қилиб кўрсатамиз.
Ҳуррият маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритган Ҳасанжон Мадёров, Каримжон Нўъмоновлар ҳақида гап кетганда, энг кўп ишлаган ва ўзидан яхши из қолдирган раис сифатида уларнинг номи тилга олинади.
Каримжон ака оддий деҳқон оиласида туғилган. Нўъмонжон ота Абдураззоқов деҳқон, Онахон ая уй бекаси бўлган. У Наманган давлат педагогика институти(ҳозирги НамДУ)нинг математика факультетини тамомлаб, Мевазор маҳалласидаги 15-мактабда ўқитувчиликдан фаолиятини бошлади. Сўнг илмий бўлим мудири бўлди. Бир неча йил туман халқ таълими бўлимида иқтисодчи, бухгалтер, кечки мактаб илмий бўлим мудири, 23-мактабда илмий бўлим мудири бўлиб ишлади. Нафақага чиққач, беш йил Ҳуррият маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб фаолият кўрсатди.
Каримжон ака оғир-вазмин, мулоҳазали, камтарин инсон эди. Ҳар бир масалага шунчаки ёндашмасди. Одамларнинг ўй-ташвиши билан ёниб яшарди. У ҳаётда бахтли инсон эди. Умр йўлдоши, бугунги кунда кексалик фароғатидаги Тожихон ая билан фарзандлари Носиржон, Қосимжон, Ботиржон, Латифжон, Комилжон, Лобарой, Саидахонларни эл хизматига камарбаста инсонлар этиб улғайтирди. Нўъмоновлар сулоласи оиладаги эзгу анъаналарни давом эттирмоқда.
Ҳамрохон ТОШМАТОВА,
26-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

