ЭЗГУЛИКЛАРИ БАРДАВОМ
Олимжон ака Мамажоновни бирлашганликлар тез-тез ёдга олишади. Давраларда, ўзаро суҳбатларда у кишининг ҳаёт йўли, ҳамқишлоқлари хотирасида қолган жараёнларни эслаб ўтилишига кўп бор гувоҳ бўласиз. «Одамлар бор, тирикликда ўликдир, одамлар бор, ўлганда ҳам тирикдир», -деган сатрлар айнан Олимжон ака каби бор умрини ёру дўстлар, таниш-билишлар, маҳалладошларга эзгулик улашишга сафарбар этган инсонларга қарата айтилган бўлса, не ажаб. Чунки одамийлик, меҳрибонлик, садоқатлилик, қатъият, меҳнатсеварлик, масъулият қаҳрамонимизга хос хусусиятлардан бўлган.
Олимжон Мамажонов оддий деҳқон оиласида туғилган. Болалигидан дала ишларида катталарга кўмаклашиб юрган кезларида ерга меҳри уйғонди. Бу муҳаббат унинг касб танлашида муҳим ўрин тутди. Аввал Тошкентдаги политехникумда, кейинчалик Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида ўқиди. Ҳарбий хизматда бўлиб қайтди. Меҳнат фаолияти ҳам оддийликдан мураккабликка қараб такомиллашиб борди. Пойабзал фабрикаси устаси вазифасидан туман ҳокимининг ўринбосари – иқтисодстат бўлимининг бошлиғигача бўлган мураккаб йўлни босиб ўтди. Бирлашган қишлоқ фуқаролар йиғини раислигига Олимжон акадан муносиброқ номзод йўқ эди ўша кезлари.
Олимжон Мамажоновнинг шогирдлари кўп. Улар бугун турли жабҳаларда фаолият олиб бормоқдалар. Уларнинг инсон ва мутахассис сифатида шаклланишларида устознинг улкан ҳиссаси борлигини доим эътироф этадилар.
Олимжон ака оилапарвар инсон бўлган. Турмуш ўртоғи Муҳаббатхон ая билан эл ҳавас қиладиган тотув турмуш қуришди, беш фарзандни инсоф-диёнатли, иймон-эътиқодли қилиб вояга етказишди.
Бугун қизлари Азизахон, ўғиллари Илҳомжон, Шуҳратжон, Шавкатжон, Акмалжон ота изидан бориб, хайрли ва савобли ишларини давом эттиришмоқда. Олимжон ака дастлабкилардан бўлиб ташкил этган «Мустақиллик-7» фермер хўжалигидаги фаолиятлари фарзандларга бугунги ишларига туртки бўлган. Улар элнинг дуосида бўлган ҳазрати инсон Олимжон Мамажоновнинг зурриёди эканликларидан қалблари фахру ифтихорга тўла.
Олимжон Мамажонов тамал тошини қўйган эзгу ишлар фарзандлар, шогирдлар фаолиятида бардавом бўлсин.
Ҳамида ВАЛИЕВА,
7-мактаб ўқитувчиси.

