ЭЗГУ ИШЛАРИНГИЗ БАРДАВОМ, УСТОЗ!
Қаерга мусобақага бормайлик, кўзларимиз жавдираб, спортзалнинг турли бурчакларига беихтиёр нигоҳ ташлаймиз. Мусобақаларда зални тўлдириб турадиган, бизга қўшимча куч-ғайрат бағишловчи, тиргак бўлувчи инсон, биринчи устозимиз Ёдгор ака Барноевнинг ўрни билинади.
Биз болаликдан устознинг этакларини тутиб, эркин кураш сир-асрорларини астойдил ўрганганмиз. Ўша кезлари беллашув-ларда иштирок этиб, чиниққанмиз. Мураббийлар мағлуб бўлган шогирдига шу қадар қўрс, қўпол муомалада бўлишарди, ҳақорат қилишарди. Ёдгор ака эса, аксинча, бағрига босиб, далда берарди, келажак мусобақаларга астойдил тайёрланишимиз учун куч бағишларди. Баъзан шундай ҳолат бўлардики, биринчи даврадаёқ барчамиз ютқазиб қўярдик, бош эгиб, гиламни тарк этардик. Шунда ҳаммадан кўп куйинган, алабатта, Ёдгор ака бўларди. Бироқ ичидагини ҳеч қачон бизга сездирмаган. Ёлғондакам кафтини чап кўкрагига босиб, юрагини массаж қиларди-да:
-Сенлар бу кетишда мени пенсиягача етказмай, тамом қиласанлар, -дея ҳазиллашарди.
Умуман, устозимиз ўта ҳазилкаш, мутойибани яхши кўрадиган, хушчақчақ киши эди.
-Сизлар келажакда балки зўр спортчи бўлмаслигингиз мумкин. Лекин чинакам йигит, олижаноб инсон бўлиб вояга етишингиз керак, -деган ўгитлари ҳамон ёдимизда.
Ёдгор аканинг туман эркин кураш ривожига қўшган ҳиссаси жуда катта. Бир неча авлод вакилларини тарбиялаб, вояга етказди. Унинг қўл остида шуғулланиб, вилоят, республика, халқаро турнирларда совриндор бўлган йигит-қизлар жуда кўп. Биз ана шу камтарин устознинг сўнгги шогирдлари эканимиздан фахрланамиз. У кишининг порлоқ хотирасини муқаддас билиб, берган панд-насиҳатларига амал қиламиз. Келажакда устознинг эзгу ишларини давом эттиришга интиламиз.
Бир гуруҳ шогирдлар номидан:
Иброҳим МУҲАММАДЖОНОВ,
Асадбек ШАРИПОВ,
Авазбек САБАРАЛИЕВ.

