ЮЛДУЗ ЁҒДУСИДА ТОПДИМ…
1928 йил. Қаҳратон қишнинг бошлари. Нуритдин эшон ўғли Нўъмонхон хонадонида ўғил дунёга келди. Мусаффо қалб соҳиби, дилкаш, оқкўнгил бир инсон дунёга келганидан дарак бериб, оппоқ қор атрофни қоплади. Бу бизнинг дадажонимиз Маъсубхон эдилар (исмлари бор яхшиликлар мансуб бўлсин, деган ниятда қўйилган экан).
Бобомиз асли хонободлик бўлиб, ўқимишли бўлган эканлар. Шу боис фарзандлари таълим-тарбиясига жиддий эътибор берганлар. Отам мактабда ўқиб юрганларида уруш бошланади ва оталари биринчилардан бўлиб фронтга жўнайдилар. Отамиз оналарига яқин ёрдамчи бўлиб, далада ишлайдилар. Ўша оғир кунларни эслаб: «Болаларим, ҳозирги дориломон кунларга шукр қилиб яшанглар, у кунларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар», -дердилар. Қанчалар оғир бўлмасин, отамиз ўқишни тарк этмай (кўпчилик ўқиёлмай, маълумотли бўлолмай, қолиб кетган), мактабни имтиёзли тамомлаб, Фарғона давлат педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетига кириб ўқидилар ва илк муаллимлик фаолиятини Деновдаги мактаблардан бирида бошлаган эдилар.
Кейинчалик она қишлоқларига қайтдилар ва 18-мактабда фаолиятларини давом эттириш билан бирга, Тошкент давлат чет тиллар институтида сиртдан таҳсил олиб, немис тили бўйича мутахассисликни эгаллайдилар ва мактабда немис тилидан дарс бера бошлаганлар.
Падари бузрукворимизнинг 40 йилдан зиёд қилган меҳнатлари ғоят самарали бўлди. Туман, вилоят ва республика миқёсидаги педагогик ўқишларда маърузалари эътироф этилди, ўқув-семинарларида фаолиятлари кенг оммалаштирилди.
1974 йил собиқ Германия Демократик Республикасида ташкил этилган VII байналмилал курс ва форумда иштирок этиш учун отланганларида бобом: «Ўғлим, мен олмонлар юртига қўлда қурол билан борган эдим, сиз китоб билан боряпсиз, илмингиз билан ўзбек эканлигингизни кўрсатинг. Ўша тупроқда қолган ватандошларимиз руҳига бағишлаб тиловат қилиб қўйинг», -деган эканлар. Бу Халқаро анжуманда отамиз энг фаол иштирокчи сифатида «Эрнест Тельман» медалига сазовор бўлганлар.
Тиниб-тинчимас дадажонимиз ташаббуслари билан мактабда «Байналмилал дўстлик клуби» ташкил этилиб, ўқувчилар кўплаб давлатлар ёшлари билан хат орқали алоқа боғлаб, дўстлик ришталарини ўрнатганлар. Шунингдек, мактабда «Жанговар меҳнат ва шон-шуҳрат музейи» ташкил этган эдилар.
Отам оммавий-сиёсий, ташкилий ишларда ҳам фаол бўлганлар. 30 йил тарғиботчи, 10 йил «Билим жамияти» раҳбари сифатида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари билан шуғулландилар.
Пенсияга чиққанларида ҳам ҳаловат истамай, халқ хизматида бўлдилар.
Деҳқон маҳалласи раиси сифатида бир неча йил аҳолининг тинчлиги, осойишталиги, тотув яшаши учун бор имкониятларини ишга солдилар, ҳар қандай тадбир, йиғин, тўй-маъракаларга бош-қош эдилар.
Онажонимиз Маъсудахон ая (2 марта «Шуҳрат» медали соҳибаси) билан 50 йилдан ортиқ аҳил-иноқ яшаб, етти нафар фарзандни тарбиялаб, олий маълумотли қилишди ва устозлар сулоласини яратишди.
Отажонимиз бир неча бор юқори раҳбар идораларнинг «Фахрий ёрлиқ»лари, «Ташаккурнома»лари, «Методист-ўқитувчи», «Халқ маорифи аълочиси» кўкрак нишонлари ва бошқа мукофотларга сазовор бўлдилар. Менинг шундай отам бор эдилар.
Кеча сизни йўқотган эдим,
Эл ичра номингиз топдим, отам.
Кўзларингиз соғиниб эдим,
Юлдуз ёғдусида топдим, отам.
Малоҳат НЎЪМОНОВА,
2-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

