ЯХШИЛИКНИНГ УМРИ БОҚИЙ
Мана, орадан ўн йил ўтибди ҳамки, раҳматли Моҳиржон ҳожи Бобажановнинг хонадонига ёр-дўстлар, қариндош-уруғлар қадами аримайди. Моҳиржон акани хотирлаб келадиганлар у кишининг саховатпешалиги, очиқкўнгиллиги, бағрикенглидан наф кўрганлари, кўмаги туфайли мушкуллик ва муаммоларини ҳал этганликларини бир-бир ёдга оладилар. Ҳақиқатан ҳам, яхшиликнинг умри боқий экан. Ҳаётлигида имкон топди дегунча бирор кимсага ёрдам қўлини чўзган, ҳамқишлоқларининг оғирини енгил қилган Моҳиржон ака ҳаёт бўлганида бу йил пайғамбар ёшини нишонлаган бўларди.
Хонадон соҳиби ҳақига дуо ўқиш ниятида келганларни қанча кўп кутиб-кузатса, Раънохон опа бу жараёндан руҳланиб кетади, қўшимча қувват олади. Эзгу фазилатлари билан эл оғзига тушган инсоннинг умр йўлдоши бўлганидан ғурурланади. Ана шундай кезларда Моҳиржон аканинг руҳи ҳовлида шодон кезиб юргандай ҳис қилади. Шундоқ ёнгинасида нафасини сезгандай туюлаверади.
Бундай олиб қараганда, Моҳиржон Бобажановнинг ҳаёт йўли оддий ва ибрат олишга арзигулик бўлган. У Ёркатайда туғилиб-ўсди. 11-мактабни тамомлагач, Тошкент давлат политехника институтининг энергетика факультетида таҳсил олди. Фаолиятини вилоятимиздаги 2-сонли пахта тозалаш заводида инженерликдан бошлади. Кейинчалик вилоят таъмир-қурилиш комбинатида бош инженер, директор, вилоят матлубот жамиятига қарашли ишлаб чиқариш бошқар-маси бошлиғи, вилоят пахта саноати қошидаги таъмир-қурилиш масъулияти чекланган жамиятида раис лавозимларида ишлади. Унга юксак ишонч билдирилиб, 2006 йил халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланди.
У қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ҳамқишлоқлари ҳолидан хабар олишни, уларга ёрдам қўлини чўзишни ҳеч қачон канда қилмаган.
-Турмуш ўртоғим чинакамига оилапарвар инсон эдилар, -дея Моҳиржон акани хотирлайди Раънохон опа Абдуллаева. -Биз биргаликда аҳил турмуш қуриб, тўрт нафар фарзандни камолга етказдик. Афсуски, уларнинг роҳатини кўриб, нафақа гаштини суриб юриш у кишига насиб қилмади. Бариси Яратганнинг хоҳиши. Ўзига шукр. Болаларни паноҳида асрасин.
«От ўрнини той босар», -дея бежиз айтиш-маган. Моҳиржон аканинг ўғли Мухторжонни танимаган-билмаган киши туманимизда камдан-кам топилади. У отаси каби хайрли ишларни давом эттиришга, эл-юрт хизматига астойдил енг шимариб киришган. Турли лавозимларда тобланган, истиқболли ёш кадрлардан. Бугун у фаолиятини вилоят ҳокимлигида давом эттирмоқда. Унга бундан кейинги ишларида ҳам баркамоллик тилаймиз, отасининг руҳи доимо қўллаб турсин.

