ЯХШИ НОМ БИЛАН
Жийдакапа қишлоғининг Даҳиякота маҳалласида туғилган Собиржон Нуритдиновни танимаган-билмаган одам бўлмаса керак.
С.Нуритдинов бутун умрини ёш авлодга илм бериш, ўз ўқувчилари учун ҳақиқий таълим-тарбия нима эканлигини уқтирган, талабчан, фидойи ва жонкуяр устоз эдилар. Домла ўз касбининг билимдони бўлиб, улар ўқитган ҳар бир ўқувчи ҳаётда ўз ўрнини топган, яхши касбларнинг эгаси бўлган инсонлардир. С.Нуритдиновнинг педагогик фаолияти оила ўртасида ҳам илдиз отган. Турмуш ўртоқлари Замирахон ая Нуритдинова узоқ йиллар 24-мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлаганлар. Бугун эса нафақада.
Оиланинг барча фарзандлари, ўғиллар, қизлар ва келинлар ота касбидан бориб, ўқитувчилик соҳасида фаолият юритиб келмоқдалар.
Бугун у кишини хотирлар эканмиз, яшаб ўтган умрлари давомида қилган яхши ишлари, ҳудуддаги 14- ва 24-мактабларда таълим-тарбия борасидаги меҳнатлари, Даҳиякота маҳалласининг бугунги кундаги гуллаб-яшнашига қўшган ҳиссалари, кўрсатган жонбозликлари, ташаббускорликлари бир-бир кўз ўнгимиздан ўтади. Зеро, яхши инсонлар ёди яхшиликлари билан эсга олинади.
Хуршида АБДУҒАФФОРОВА,
24-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

