ҚАДРИЯТЛАРГА ЭҲТИРОМ

Қадимий ва навқирон Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлар, кенг ислоҳотлар, фуқароларимизга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, халқимизнинг кўплаб орзу-истаклари ва армонларининг рўёбга чиқарилаётганлиги айни муддао бўлмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларини жадал ривожлантириш, юрт ободлиги, мамлакат тинчлиги, халқ фаровонлиги борасидаги қарор ва фармонлари ижросининг таъминланиши натижасида ўзи кўркам юртимиз янада гўзаллашиб, тобора дунё эътиборини тортмоқда.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш масаласига жиддий киришилганлиги, айниқса, ички туризмга эътибор фуқароларга ғоят маъқул бўлмоқда.

Қадимий, кўҳна ва навқирон шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қарши, Термиз, Шаҳрисабз ва бошқаларнинг обод этилиши, у ерлардаги тарихий обидалар, зиёратгоҳларнинг қайта тикланиши энг эзгу, энг савобли ишлар сифатида қадриятларга ҳурмат-эҳтиром самарасидир.

Бугунги кунда юртимиз довруғини эшитиб, дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳлар оқиб келаётганлиги ҳам қалбларимизда фахру ғурур уйғотмоқда. Демак, дунё халқлари юртимизни кўрмоқ, танишмоқ истагида бўлсалар, биз, шу юрт фуқаролари учун мамлакатимизни айланиб, кўриб, танишиб чиқишимиз, ўрганишимиз, азиз-авлиёларимизни зиёрат қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз саналади. Шу мақсадда, яқинлашиб келаётган Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан 34-мактабнинг собиқ саккиз нафар битирувчиси шу йил 16 апрель куни «Сайр ҳам сайил, саргардон ҳам сайил», -деганларидек, яхши ният билан сафарга отландик. Илк мақса-димиз «Омонхона» сиҳатгоҳига бориб, шифобахш булоқдан баҳра олиш бўлгани учун Термизга етиб бордик ва улуғ муҳаддис олим Ал Ҳаким ат-Термизий ҳазратларининг зиёратида бўлдик. Бизни лол қолдирган нарса шу бўлдики, ўтмишимизда Термизда яшаб, «Термизий» тахаллуси билан танилган буюкларимиз сони юз нафардан ортиқ экан. Ифтихор қилишимиз лозим бўлган яна бир далил шуки, ислом оламида Расулуллоҳ (САВ) ҳадисларини тўплаш билан машғул бўлганлар сони ҳам анча катта бўлиб, улардан олти нафари чинакам муҳаддис олим, деб тан олингани ҳолда тўрт нафари бизнинг аждодлар экан. Ана шуларнинг бири Имом ат-Термизий бобомиздир.

Сафаримизни «Омонхона» сиҳатгоҳи томон давом эттирдик ва юртимизда шундай роҳатбахш маскан, шифобахш чашма борлиги Аллоҳнинг халқимизга инояти эканлигини ҳис этдик.

Йўл юрсак ҳам мўл юриб, Бухорои Шариф атрофида қўним топган етти буюк авлиё – пирлар томон отландик. Маълумки, бу пирлар Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад бобои Самосий, Саййид Амир Кулол ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд бўлиб, улар «тариқат пирлари» саналади. Нақшбандия манбаларида «Силси-лат аз-заҳаб», яъни «олтин сил-сила» деб номланган ўн олти ҳалқали занжирнинг 10-16-халқалари ана шу етти пирдир. (Ҳалқанинг боши пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдирлар). Пирларнинг ҳар бирларини зиёрат қилар эканмиз, руҳиятимизда ажиб бир енгилликни, кўтаринкиликни ҳис этамиз. Зиёратгоҳларнинг собиқ тузум давридаги аянчли ҳолати тасвирланган суратларни ва бугунги ғоят гўзал, озода ва фараҳбахш манзараларни, улуғ аждодларга бўлган юксак эҳтиромни кўриб, беихтиёр кўзларимизга ёш келди. Истиқлол нақадар буюк неъмат эканлигини, уни кўз қорачиғидай асрашимиз лозимлигини чуқур идрок этдик. Зиёрат чоғида бизни ҳайратга солган яна бир нарса шу бўлдики, зиёратгоҳ ҳовлиси, мақбаралар ва у ердаги масжидларда ажиб бир роҳат-бахшлик, сўлимлик, салқинлик, мусаффо ҳаво яққол сезилади, кайфият кўтарилади, мусулмон бўлганимиздан мамнунлик қалбларимизни чулғаб олади.

Сафаримиз чоғида аён бўлдики, Бухоро пирлари қолдирган буюк мерос, турли бунёдкор ғоялар, тасаввуфий таълимотлар, улар битган ноёб асарлар ғоят қимматли бўлиб, уни дунёнинг тараққий-парвар, тинчликсевар халқлари катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар. Буларни ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун Президентимиз Ш.Мирзиёев томонларидан қабул қилинаётган қарорлар ғоят қўл келмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан шу йил етти пирлардан бўлмиш Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбанднинг 700 йиллиги юбилейининг Республи-камиз бўйлаб кенг нишонланиши режалаштирилаётгани ҳам бизни ғоят қувонтирди. Биз, синфдошлар сафар чоғида руҳиятимизда бўлган ўзгаришлар ниятларимизнинг созланганлиги, юртимиз жамолидан фахрланиш туйғусининг пайдо бўлиши боис ҳар бир юртдошимизни мазкур зиёратларга чорлаб қоламиз.

Шу тариқа «кичик ҳаж»ни адо этгач, рўйи замин сайқали Самарқанд сари юрдик ва ҳазрат Имом ал-Бухорий зиёратгоҳларига келдик. Бу маскан ғоят табаррук бўлиб, доимо юртдошларимиз, хорижий меҳмонлар билан гавжум бўлади. Ҳадисшунослар сардори бўлмиш бу мукаррам зот ислом оламида ғоят юқори нуфузга эга эканликларидан янада шодмон бўлдик ва ул зотнинг пок руҳларига бағишлаб дуо-фотиҳа қилдик.

Сафар тадоригини кўраётганимизда Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг мақбараларини зиёрат қилишни мақсад қилгандик. Шу мақсад йўлида Самарқанд шаҳрига йўл олдик.

Мустақиллигимиз асосчиси бўлган бу буюк инсонга халқимизнинг беқиёс ҳурмат-эъзозини, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг устозларига бўлган юксак садоқатларини кўриб, таҳсинлар ўқидик. Зиёратга келаётган одамларнинг кети узилмайди, кўз ёшлар тинмайди, руҳларига тиловат тўхтамайди. Халқимизнинг ўзини рўшноликка олиб чиққан инсонга ҳурмати, меҳри қандай бўлиши лозим бўлса, шу нарса ўз ифодасини топмоқда.

Юқорида ёзганларимиз сафардан олган таассуротларимиздан хамир учидан патир, холос.

Қодир Аллоҳ муборак заминимизда мангу уйқуда ётган азизларимизни ўз раҳматига олсин. Пиру устозлар руҳи халқимизга мададкор бўлсин.

Маҳамадали КАРИМОВ,

ТИҲ ЎзЛиДеП туман кенгаши “BO‘YAG‘ON BOG‘I ERAM” фермер хўжалиги қошидаги БПТ раиси.