ҚАЛБИМИЗДА ЯШАЙСИЗ
Волидам Ўғилхон Йўлдошева асли андижонлик бўлганлар. Балиқчи туманида зиёли оиласида туғилиб, ўсган онажоним болалигидан ўқитувчилик касбига меҳр қўйганлар. 1961 йили онамнинг улкан орзулари рўёбга чиқиб, Фарғона давлат педагогика институтининг талабасига айланадилар. Институтда ўқиб юрган кезлари отам Аҳмаджон Тожибоев билан танишиб, бир-бирларига меҳр қўядилар. Шу зайл уйчилик келинга айланадилар.
Ўқишни битиргач, отам 34-, онам 22-мактабга ишга келишади. Ўғилхон Йўлдошеванинг ишга муносабати, ташаббускорлиги, талабчанлиги ва натижадорлиги эл эътиборига тушади. Тез орада тумандаги 28-мактабга директор этиб қўйиладилар. Аста-секин қадрдон масканлари – 22-мактаб директорлигига ўтказишади.
Онам раҳбар сифатида мактабнинг янги биноси қурилишида ташаббус кўрсатганлар. Бинонинг сифатли қурилиши, жиҳозланиши ва ишга туширилишидаги ташаббускорликлари, таълим-тарбия жараёнида эришилган ютуқларни инобатга олиб, 1982 йилда «Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси» кўкрак нишони берилган.
Бундан ташқари, туман Кенгаши депутати, туман партия қўмитаси ходими, хотин-қизлар кенгаши раиси, жамоа хўжалиги бошқаруви раисининг муовини, Ғайрат ҚФЙ раиси сифатида фаолият юритиб, қишлоқ инфра-тузилмасини яхшилаш, одамлар турмуш фаровонлигини ошириш йўлида самарали меҳнат қилганлар.
Волидам беш фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказдилар. Ҳар биримизга чин инсоний фазилатларни сингдиришга то умрларининг охиригача интилдилар. Сингилларим Наргиза, Гулшана, Нигора – ўқитувчи, Гулноза – фармацевт, мен – тиббиёт ходими бўлиб етишдик.
Ҳамқишлоқларимиз Юсуфжон Раҳмонов, Умархўжа Якубхўжаев, Маъмура Сиддиқова онамдан таълим-тарбия олган шогирдлардан.
Бугун онажоним орамизда йўқлар. Уларнинг хотиралари фарзандлар ва набиралар, шогирдлар қалбида яшайди.
Дилнура ВАЛИХОНОВА.

