ҲАМИША ЭЛ ЁДИДА
Туманимиз марказидаги «Ҳуррият» маҳалласида Саломатхон Мамадалиева номли кўча бор. Бу аёл менинг онам, шу кўчада яшаб ўтганлар. Ҳозирги ёшлар билмасалар-да, онамни катта ёшдагилар яхши эслашади. Онам ўз даврининг фаол аёлларидан бўлиб, узоқ йиллар колхозда раис, раис муовини, ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи лавозимларида меҳнат қилганлар. Аммо бу асосийси эмас. Онам ўзларининг камтарликлари, ширинсўзликлари, инсонпарвар, оилапарвар ва меҳрибонликлари билан танилган эдилар. Катта-ю кичикни, ҳатто биз – фарзандларини ҳам «сиз»лаб гапирардилар.
Бирор кишининг илтимоси ёки муммосини ҳал этсалар, хурсанд бўлардилар, ҳал этолмасалар, анча хафа бўлиб юрардилар. Катта ёшдаги одамларнинг айтишича, онам урушдан кейинги оғир йилларда колхозга раислик қилганлар, одамлар оч, юпун, яқинларидан айрилган бир ҳолатда онам одамлар дардига малҳам бўлишга, оғирини енгил қилишга, руҳиятини кўтаришга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилган эканлар.
Биз, опа-сингиллар, меҳрибон онамизни унутмай, эслаб, кўчага номларини қўйиб, дуо қилиб юрган юртдошларимиздан чексиз миннатдормиз.
Ўтганларимизнинг охиратлари обод бўлсин.
Гўзалхон ХАЛИЛОВА.

