НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ИШ БОШЛАДИ

Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси туманимизда изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим бўлими тизимида 15 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиши режалаштирилган.

Яқинда ана шундай масканлардан бири – «Фирдавс ифори болажон» нодавлат МТМнинг очилишига бағишланган тантана бўлиб ўтди.

-Эллик ўринга мўлжалланган ушбу масканда 12 та янги ишчи ўрни яратдик, -дейди муассаса таъсисчиси Маҳфузахон Нуриддинова. -Мудира Гўзал Тошпўлатова атрофига жипслашган жамоамиз ўз олдига қўйган юксак мақсадларга эришиш учун барча шарт-шароитлар, керакли муҳит яратилган.

Дарҳақиқат, муассасанинг иш шароити билан танишган киши Маҳфузахоннинг сўзларига яна бир бор гувоҳ бўлади. Беруний маҳалласи, “Истиқлол” кўчасида жойлашган қўшқаватли хонадоннинг 140 кв. метр майдони муассаса учун мослаштирилди, керакли жиҳозлар, компьютер, телевизор, проектор каби оргтехника маҳсулотлари билан таъминланди. Дарвозадан киришдаёқ “Сеними, шошмай тур!”, “Мушук Леопольд”, “Микки Маус”, “Билмасвой”, “Винни Пух”, “Дайди Тўти”, “Карлсон” каби мультфильмлар қаҳрамонларининг суратлари турли кайфиятда келган жажжиларга дарҳол кўтаринкилик улашади. Ҳовлидаги “Жонли бурчак”, “Ўйин майдончаси”, хоналардаги ўн хил марказ бурчаги болажонларнинг эмин-эркин ўсиб-улғайиши, ривожланишига замин ҳозирлайди. Соат 07:00 дан 19:00 гача бўлган суткалик фаолият давомида ҳар бир жараён қамраб олинган, тўрт маҳал иссиқ овқат билан таъминланади.

Муассасанинг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Абдуғани Турдиев маскан фаолиятига ривож тилаб, келгусида бошқаларга ўрнак ва андоза бўлишига ишонч билдирди.

Холисхон ҒУЛОМҚОДИРОВА,

7-мактаб ўқитувчиси.