ҲАЙРАТИМИЗ ЧЕКСИЗ

1980 йилда Болгария Халқ Республикасига туристик саёҳатга боргандим. У ердаги учрашувлар, мулоқотлар чоғида бирор болгариялик фуқаро, айниқса, ёшлар Ўзбекистон деган юрт борлигини билмаганлиги, фақат Тошкентни эшитганлигининг гувоҳи бўлгандим. Истиқлол шарофати билан дунё бизни, биз дунёни яқиндан танимоқдамиз.  Бу жараён айни паллада янада авж нуқтага чиқмоқда. Бунга сабаб мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишларидир. Халқимизни қувонтираётган ва ҳайратга солаётган нарса шуки, юртимизда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам илм-фан, маданият ва таълим, қўйингки, барча жабҳаларда шундай юксалишлар амалга оши-рилмоқдаки, бу ислоҳоту янгиланишларнинг аксарияти халқимизнинг дили тубидаги орзу-армонлари эди. Ўйлаб кўрайлик, қўшни давлатлар билан муносабатлардаги совуқлик, қариндош-уруғларнинг бир-биридан йироқлашуви, роса сув зарур бўлганда дарёларимизнинг қуриб қолиши, муаммоларнинг вақтида ҳал этилмаслиги, тадбиркор ва фермерларнинг қўллаб-қувватланмаслиги каби қатор ҳолатлар халқни қийнаётган эди.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бундай масалалар ечимига шундай жаҳд билан киришдиларки, натижада жуда қисқа вақт ичида кўплаб муаммолар ғоят уддабуронлик билан ҳал этилди ва этилмоқда.

Президентимизнинг имкон қадар ҳар бир фуқаро дилидаги орзу-истакларини қондиришга ҳаракат қилаётганликлари, юзма-юз мулоқотлар қилиб, одамлар руҳиятини кўтараётганликлари ҳам бу инсоннинг нақадар юртпарвар, инсонпарвар эканликлари нишонасидир.

Шавкат Миромоновичнинг шу ой бошидаги вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳам йўл-йўлакай талай ноқулайлик туғдираётган ҳолатлар барҳам топди. Вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун зарур режалар тузилди. Наманган шаҳрида ва туманларда олиб борилаётган ишлардан Президентимизнинг мамнун эканликлари, вилоят аҳлига юксак ишончлари ва ҳурмат-эҳтиромлари барчамизни ғоят тўлқинлантирди ва янада яхшироқ, самаралироқ фаолият сари руҳлантирди.

Ўринбой МЎМИНОВ,

меҳнат фахрийси.