КЎРГАЗМАЛИ ВА НАМУНАЛИ

Ўтган шанба куни туманимизда ғалла ўрим-йиғими мавсуми олдидан тайёргарлик ишлари пухта ташкил этилишига бағишланган вилоят семинари бўлди. «Уйчи агросервиc МТП ва ИСМ» МЧЖда мавсумга жалб этиладиган комбайнлар, кўчма вагонлар ва отряд аъзолари учун яратиладиган шароитлар кўргазмали ва намунали тарзда кўрсатилди. Семинарда вилоятимизнинг барча туманларидан ҳокимлар, сектор, отряд раҳбарлари, аъзолари иштирок этдилар.

Бу йил туманимизда мавжуд 6345 гектар майдондаги ғаллани йигирма иш кунида ўриб-йиғиб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 25 та отряд шакллантирилиб, ҳар бир отрядга биттадан комбайн, икки нафардан оператор, 5 тадан дон ташиш автомобили, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, банк, тиббиёт ходими, ҳисобчи ажратилган. Ҳар бир отрядга кўчма вагон бириктирилган. У ерда тўрт маҳал овқатланиш, дам олиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Газ баллони, плитаси, телевизор ажратилган. Тўртта секторда иккитадан кўчма устахона ташкил этилади. Ҳар бир сектор бўйича мониторинг гуруҳи иш олиб бориб, маълумот туман «Ғалла штаби»га етказилади. «Ғалла штаби» ҳам туну кун фаолият юритиши эътиборга олиниб, бу ерда барча шароитлар яратилган – тиббиёт, дам олиш хоналари мавсумга тахт.

Семинарда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Равшан Қурбонов, туманимиз ҳокими Абдуғани Турдиев, соҳага дахлдор бир қатор ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқдилар.

Кўргазмали семинар якунида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров қатнашди ва кечиктириб бўлмайдиган навбатдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.