«МУСТАҚИЛЛИК» БОҒИДАГИ ЗАВҚЛИ ОНЛАР
Туман марказидаги «Мустақиллик» маданият ва истироҳат боғига яқин ўртада йўлингиз тушдими? Очиғи, бугун бу ерга ташриф буюрган киши ўзгача таассурот билан қайтади. Қисқа фурсат ичида амалга оширилган ишларни кўриб, бўларкан-ку, тадбиркорнинг отасига раҳмат, деган ўй хаёлингиздан ўтади.
Ҳа, боғ дарвозасидан кирибоқ қояда кўксини кериб турган гўзаллик рамзи

– кийикка кўзингиз тушиб, кайфиятингиз кўтарилади. Боғ узра кичкинтойларнинг қувноқ қий-чуви эшитилади. Улар боғда барпо этилган автодромда машина пойгаси қилишяпти. Қизалоқлар ҳалинчакда мазза қилиб учишяпти. Бир гуруҳ ширинтойлар поездда «саёҳат»га отланишган, қўлларини силкиб, хайрлашмоқ-далар. Беш-ўнта ўсмир «асов хўкиз»га миниб, уни бўйсиндириш ва устидан йиқилмай қолиш ҳаракатида. Бу ҳолатни кўрган ҳар қандай одамнинг қалбида она-юртга бўлган чексиз муҳаббат жўш уради.

Боғда болажонлар учун учар кема, ҳалинчак-беланчак, батут каби бир қанча ҳордиқ воситалари ҳам ўрнатилган. Бир томонда енгил таомлар, музқаймоқ павильони ишлаб турибди. Боғнинг юқори қисмида Мотамсаро она ҳайкали гўё ҳозирги авлодни, юртимизни дуо қилиб ўтиргандек.
Шундай хаёллар билан айланиб юрсак, бир гуруҳ ўқувчи-ёшларга дуч келдик. Суҳбатлашдик. Улар Наманган шаҳридаги 40-мактаб-интернатдан келишибди. Янги истироҳат боғимиз уларга хуш ёққанлиги юз-кўзлари ва сўзларидан яққол кўриниб турарди. Ўқувчиларнинг устози Зулфия Нажмиддиновага юзландик.

-Бу жойнинг номи илгари ҳам истироҳат боғи эди, -дейди муаллима. -Аммо ҳордиқ чиқариш учун ҳозиргидек шароит бўлмаган. Бу ер чинакам дам олиш масканига айланибди.
Тадбиркор Дилмурод Ҳайдаров истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб, «Мустақиллик» боғини чинакам маданият ва истироҳат боғига айлантириш ҳаракатида. У туманда талаб даражасидаги дам олиш маскани йўқлиги учун бу ишга астойдил киришган. Банкдан 750 млн. сўм кредит олиб, 9 хил кўнгилочар аттракцион сотиб олди. Қурилиш-монтаж ишлари учун ўз маблағи ҳисоби-дан 700 млн. сўм сарфлади.
Дилмуроднинг келгуси режалари янада хайрли. Боғда яна 6 турдаги аттракцион ўрнатиш, Мотамсаро она ҳайкалини қайта таъмирлаш, аҳолининг қишин-ёзин бирдек ҳордиқ чиқариши учун қўшимча бинолар, кафетерий ва бошқа иншоотлар барпо этишни мўлжаллаган.
Боғ ҳудудида ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қаровсиз, ҳувиллаб ётган майдонларда бугун турфа хил гуллар очилиб турибди, манзарали дарахтлар ўтқазилган. Бу боғга бир келган киши яна келгиси, бундай қувонч ва завқни оиласи, фарзандлари, дўстлари билан бўлишишни дилига жо этиши, шубҳасиз. Сиз ҳам келинг, бунга ўзингиз шоҳид бўлинг.
Ўринбой МЎМИНОВ.
Суратларда: «Мустақиллик» маданият ва истироҳат боғидаги завқли онлар.

