ПОМИДОР КУЯСИ – ҲОСИЛ КУШАНДАСИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 мартда қабул қилинган «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори мамлакатимизда сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш борасида муҳим омил бўлмоқда. Бу борада фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳолига муайян шарт-шароитлар яратилмоқда. Бироқ очиқ дала ва иссиқхоналарда етиштирилаётган экинларга турли зараркунанда ҳашаротлар хавф солмоқда. Шулардан бири дунёга Жанубий Америкадан тарқалган помидор куяси бўлиб, бизнинг шароитда очиқ ва ёпиқ (иссиқхона) майдонлардаги помидор, картошка, бақлажон, қалампир ва бошқа экинларга зарар келтиради. Бу зараркунанда ўсимликнинг ўсув нуқтаси, барги, пояси, гули ва меваларини зарарлайди. Унинг личинкалари барг пластинкаси оралиғида озиқланиб, ғовак қилади, натижада беўхшов доғлар пайдо бўлиб, баргнинг қуришига олиб келади.
Помидор куяси меваларнинг эт қисмини зарарлаб, унинг товарлилик хусусиятини йўқотади ва унда замбуруғ ҳамда бактериялар ривожига шароит яратади. Куяга қарши ўз вақтида курашилмаса, ҳосилни 80-100 фоизгача нобуд қилади. Унга қарши курашда қуйидаги кимёвий препаратлар эритмаси ғоят қўл келади: 10 литр сувга 10 грамм 15 фоизли аваунт эмульсия концентрати ёки 3 грамм 20 фоизли такуми сувда эрувчи грануласи ёки 3 грамм 20 фоизли моспилан намланувчи кукуни қўшилади. Ана шу уч хил препаратнинг биттаси экинга қоронғи тушгач, фонус ёқиб сепилса, яхши самара беради. Мазкур эритмаларни ишланаётган майдон тупроғига ҳам сепиш лозим. Чунки заҳар хавфини сезган куя қуртлари ерга тушиб, яшириниб олади.
Помидор куясининг зарарланмаган майдонларга тарқалмаслиги учун деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари «Агрокимёҳимоя» МЧЖ ҳамда ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан ҳамкорликда курашиш чораларини кўришлари лозим бўлади.
Зокиржон МАМАДХОДЖАЕВ,
вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг тумандаги инспектори.

