ХУСУСИЙ МУЛК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Мамлакатимизда халқимиз учун зарур қулайликлар яратиш, тадбиркорлик субъектлари салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу мақсад йўлида соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари қабул қилинаётир.

2017 йил 17 октябрда матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда унинг ҳимоясини кучайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ветеринария хизматини такомиллаштириш каби йўналишлар билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар конунчиликка киритилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилган.

Янги қонунда айнан шу масала эътиборга олинди. Жиноят қуроли ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети сифатида мулкдан фойдаланишда мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолларда мулкни олиб қўйиш ва мусодара қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қоидалар Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига ва МЖТКнинг 27-моддасига киритилди.

Бу хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишни кучайтириш, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк унинг қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилади. Ана шундай мол-мулкнинг қонуний эгалари аниқланмаган тақдирда у давлат фойдасига ўтказилади.

Маълумки, электр энергияси ва табиий газ кундалик турмушда зарур бўлган ресурслардан. Шу боис аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ушбу соҳани тартибга солиш мақсадида Президентимизнинг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бу тизимга энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш вазифалари юклатилди. Янги қонун билан ушбу ўзгаришлар қонунчиликда акс эттирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлашга замин яратди. Ўз навбатида, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Анваржон КАРИМОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.