ЭРТАМИЗГА РАХНА СОЛМАСИН
Гиёҳванд моддаларни етиштириш ва тарқатиш ўчоқларидан қўшни қитъаларда Колумбия, Ямайка ҳисобланса, бизнинг минтақада Афғонистон саналади. Ушбу мамлакатга чегарадош бўлганимиз боис, наркотик моддалар савдоси, транспортировкаси, қолаверса, аҳоли ўртасида кенг тарқалиши каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари олдида турган вазифалар ўзига хос мураккабликлар туғдиради.
Шуларни назарда тутиб, гиёҳвандликка қарши курашиш кенг омманинг биринчи галдаги иши, бу жараёндан ҳеч ким четда қолмаслиги лозим, деган ғояни дадил илгари суриш даркор.
Мана шундай масъулият биз, ўқитувчи ва мураббийлар зиммасида ҳам бор. Хўш, педагог олдида турган вазифа нимадан иборат? Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, наркотик моддалар истеъмолига ружу қўйиш ёши йилдан-йилга кичрайиб, ёшлар ва ўсмирлар орасида ушбу жиноят тури аллақачон оммалашиб улгурди. Демак, гиёҳванд моддаларнинг нафақат бир инсон келажаги, балки бутун бир оила, унинг ортидан жамият эртасига болта уриши, бунинг натижасида тараққиётни издан чиқариши, унга путур етказиши муқаррарлигини ҳар бир ёш ақлан ва руҳан тушуниб етиши учун курашишимиз даркор. Мана шундагина гиёҳвандлик балоси эртанги кунимизга рахна сололмайди.
Доно АЛИЕВА,
39-мактабнинг география фани ўқитувчиси.

