ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИ ХАВФСИЗЛИГИ НАЗОРАТДА
Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган талабларни амалга ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 22 январда «Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент» қабул қилинди. Мазкур ҳужжат қабул қилинган кундан 18 ой ўтгач, кучга кириши белгиланди. Ушбу техник регламентда ишлаб чиқарилаётган, сотилаётган, сақланаётган ва йўқ қилиб ташланадиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари хавфсизлигига қўйиладиган ягона талаблар белгиланган.
Ушбу техник регламент кучга кирганидан сўнг гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган давлатлараро ва Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлари ихтиёрийликни касб этади.
Техник регламентда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда микробиологик, ветеринар-санитария, экологик хавфсизлиги, ҳайвонларни сўйиш жараёнлари ва уларни сақлаш тартиблари белгиланган.
Техник регламентда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда улардаги заҳарли элементлар, пестицид, микротоксинлар, радионуклидлар, микробиологик ва паразитологик касалликлар билан зарарланганлиги техник регламентда белгиланган меъёрлардан юқори бўлмаслиги, маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тайёрловчилар, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ходимлар, технологик жараёнлар, уларни қадоқлаш, сақлаш ва ташиш, ёрлиқлаш, ёрлиқланган маҳсулотларда истеъмолчиларни чалғитувчи ахборотлар бўлмаслиги каби талабларга риоя қилган ҳолда ишлаб чиқаришлари белгиланди.
Гўшт маҳсулотлари ёрлиқларида ишлаб чиқарувчи корхона номи, жойлашган манзили, маҳсулот миқдори, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати, сақлаш шароити, озуқавий қиймати, техник тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжат белгиси, ундан фойдаланиш ёки чекловлар, уларнинг турлари, тайёрланган усуллари тўғрисида маълумотлар кўрсатилиши лозим.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан ушбу техник регламент талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқарилса, истеъмолчилар томонидан эса маҳсулотларни сотиб олишда ёрлиқда ишлаб чиқарувчи номи, манзили, ишлаб чиқарилган санаси, сақлаш шароитига талаблар кўрсатилганлиги, қайси стандарт асосида ишлаб чиқарилганлиги, яроқлилик муддатига эътибор қаратилса, ўз ҳаётимиз ҳамда фарзандларимиз хавфсизлигини таъминлаган бўламиз.
Иброҳим НЕГМАТУЛЛАЕВ,
Наманган стандартлаштириш ва метрологик бошқармасининг метрологик назорат ва ўлчовлар ягоналигининг таъминланишини назорат қилиш бўйича бош мутахассиси.

